Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон, Ўмон ва Эрон ташқи ишлар вазирлари Маскат шаҳрида уч томонлама учрашув ўтказиб, иқтисодий ҳамкорлик ва минтақадаги вазиятни муҳокама қилдилар. Бу ҳақда Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов хабар берди.
Музокараларда Уммон Султонлиги ташқи ишлар вазири Саййид Бадр бин Ҳамад ал-Бусаидий ва Эрон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи иштирок этди.
Томонлар мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш истиқболларини кўриб чиқдилар. Транспорт-логистика соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш ва мавжуд транзит салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари минтақадаги вазият юзасидан ҳам фикр алмашдилар. Улар сақланиб қолаётган кескинликни дипломатик воситалар орқали ҳал этиш ва томонлар ўртасидаги мулоқотни давом эттириш зарурлигини таъкидладилар.
Бундан ташқари, вазирлар амалий ҳамкорликни кенгайтириш ва мавжуд имкониятлардан фойдаланиш муҳимлигини қайд этдилар.
Томонлар минтақада тинчлик, барқарорлик ва тараққиётни таъминлашга қаратилган биргаликдаги саъй-ҳаракатларни изчил давом эттиришга тайёр эканликларини билдирдилар.