Иқтисод

Ўзбекистон ва Wabtec темир йўлларни модернизация қилишни муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Wabtec темир йўлларни модернизация қилишни муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Wabtec темир йўлларни модернизация қилишни муҳокама қилди / Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 5 ноябрь куни Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратов Американинг Wabtec компанияси вакиллари билан музокаралар ўтказди.

Томонлар темир йўл соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, инфратузилмани модернизация қилиш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқди.

Учрашувда Wabtec компаниясининг МДҲ мамлакатлари ва Монголия бўйича катта минтақавий вице-президенти Канат Алписбаев ҳамда компаниянинг давлат тузилмалари билан халқаро алоқалар ва лойиҳаларни молиялаштириш бўйича бошқарувчи директори Ларс Хикки иштирок этди.

Музокаралар давомида саноат кооперациясини кенгайтириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва Ўзбекистонда сервис хизматлари кўрсатиш қувватларини ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди. Иштирокчилар темир йўл инфратузилмасини модернизация қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди.

Муҳокамаларнинг яна бир йўналиши темир йўл соҳаси учун муҳандис кадрлар тайёрлаш бўлди.

Томонлар ушбу йўналишдаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш, замонавий таълим дастурларини жорий этиш ва мутахассисларнинг малакасини ошириш имкониятларини кўриб чиқди.

Учрашув якунлари бўйича эришилган келишувларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш юзасидан кейинги қадамлар белгилаб олинди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.