7
Ўзбекистон

ХВЖ Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиши прогнозини 7,8 фоизга оширди

ХВЖ Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиши прогнозини 7,8 фоизга оширди
ХВЖ Ўзбекистон иқтисодиёти ўсиши прогнозини 7,8 фоизга оширди / Фото: Сурат сунъий интеллекти ёрдамида яратилган.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Халқаро валюта жамғармаси (ХВЖ) Ўзбекистон иқтисодиётининг 2026 йилдаги ўсиш прогнозини 6,8 фоиздан 7,8 фоизга оширди. 2027 йилда эса жамғарма ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ўсиши тахминан 6,5 фоизгача секинлашишини кутмоқда.

Янгиланган баҳоларни ХВЖнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Коба Гвенетадзе Марказий банкда Кавказ ва Марказий Осиё бўйича минтақавий иқтисодий прогноз тақдимотида маълум қилди.

«Жорий йилнинг ўрталарида иқтисодий ўсишни прогноз қилганимизда, кўрсаткич 6,8 фоизни ташкил этган эди. Бироқ октябрь ойида эълон қилган World Economic Outlook номли сўнгги ҳисоботимизда ўсиш прогнози 7,8 фоиз этиб белгиланди», — деди Гвенетадзе.

Унинг сўзларига кўра, прогнознинг қайта кўриб чиқилиши йилнинг дастлабки тўққиз ойида иқтисодий фаоллик кўрсаткичлари кутилганидан юқори бўлгани билан боғлиқ.

Марказий банк раисининг ўринбосари Нодирбек Ачиловнинг маълум қилишича, январь–сентябрь ойларида Ўзбекистон ЯИМи 8,3 фоизга ўсган. Олтин экспортини ҳисобга олмаганда, ушбу даврда экспорт ҳажми 32 фоизга ошган.

Инфляция аста-секин пасаймоқда

ХВЖ баҳолашича, ички талаб юқори бўлишига қарамай, Ўзбекистонда инфляция пасаймоқда. 2025 йил охирида инфляция 7,3 фоизни ташкил этган бўлса, октябрь ойи охирига келиб йиллик ҳисобда тахминан 6,5 фоизгача секинлашган.

Шу даврда базавий инфляция ҳам 5,7 фоиздан 5,6 фоизга тушган.

Гвенетадзе инфляциянинг пасайишини миллий валютанинг мустаҳкамланиши ва Марказий банкнинг қатъий пул-кредит сиёсати билан боғлади.

Жамғарма 2027 йилда инфляция 5 фоиз даражасида бўлишини прогноз қилмоқда. Бу кўрсаткич Марказий банкнинг мақсадли мўлжалига мос келади.

ХВЖ бутун минтақадаги прогнозларни қайта кўриб чиқмоқда

Прогнозларнинг оширилиши фақат Ўзбекистонга тааллуқли эмас. ХВЖнинг Яқин Шарқ ва Марказий Осиё департаменти директори ёрдамчиси Роберто Кардареллининг сўзларига кўра, жамғарма 2021 йил октябридан буён ҳар бир қайта кўриб чиқишда Кавказ ва Марказий Осиё учун иқтисодий ўсиш прогнозларини ошириб келмоқда.

«Прогноз хатоларимиз доимо бир хил йўналишда бўлаётгани анча ғалати. Агар сиз ҳар доим бир томонга хато қилаётган бўлсангиз, демак, минтақани баҳолашда тўлиқ ҳисобга олинмаётган қандайдир омил мавжуд», — деди Кардарелли.

Унинг тахмин қилишича, 2027 йил апрель ойида ХВЖ минтақа учун иқтисодий ўсиш прогнозини яна ошириши мумкин.

Жамғарма миссияси 16 ноябрдан иш бошлайди

Душанба, 16 ноябрь куни ХВЖ миссияси Ўзбекистонда ўз ишини бошлайди. Янгиланган прогнозни ноябрь ойи охирида пресс-релиз орқали эълон қилиш режалаштирилган.

«Мен олдиндан маълумот бермоқчи эмасман, аммо катта ўзгаришларни кутмаяпмиз. Шунга қарамай, айрим ўзгаришларни кўришингиз мумкин», — деди Гвенетадзе.

Жамғарма вакилларининг фикрича, ҳозир Ўзбекистонда кейинги ислоҳотларни амалга ошириш учун қулай давр юзага келган.

Уларнинг баҳолашича, мамлакат рақобатбардошликни ошириш учун мавжуд иқтисодий имкониятлардан фойдаланиши зарур. Яна бир муҳим вазифа эса сони ортиб бораётган ёш аҳоли учун янги иш ўринларини яратишдан иборат.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.