Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкент тумани ҳокимининг ўринбосари 25 минг доллар олаётган вақтда ушланди. Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати маълумотларига кўра, мансабдор шахс тадбиркорга бир гектар ер майдонини аукцион орқали сотиб олишда ёрдам беришни ваъда қилган.
ДХХ матбуот хизмати хабар беришича, ер майдони туман ҳокимлиги балансида бўлиб, қурилиш технологиялари ва композит эшиклар ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун мўлжалланган.
Тергов версиясига кўра, ҳоким ўринбосари давлат активларини бошқариш тизимидаги танишлари орқали ерни аукционга чиқаришни ташкил этиш ва тадбиркорнинг ғолиб бўлишини таъминлашни режалаштирган.
Мансабдор шахс пул маблағларини олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари давом этмоқда.