7
Молия

Ўзбекистоннинг сўмдаги облигациялари даромадлилиги 9 фоизгача пасайди

Ўзбекистоннинг сўмдаги облигациялари даромадлилиги 9 фоизгача пасайди
Ўзбекистоннинг сўмдаги облигациялари даромадлилиги 9 фоизгача пасайди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг сўмда номиналланган давлат облигациялари даромадлилиги апрель ойидаги 12,25 фоиздан тахминан 9 фоизгача пасайди. Бу ҳақда Марказий банк раисининг ўринбосари Нодирбек Ачилов ХВЖнинг Кавказ ва Марказий Осиё бўйича минтақавий иқтисодий прогноз тақдимотида маълум қилди.

У ривожланган мамлакатларда фоиз ставкаларининг ошиши Ўзбекистоннинг давлат қарз олиш қийматига таъсирини изоҳлади. Ачиловнинг сўзларига кўра, ички ва халқаро бозорларда турли йўналишдаги тенденциялар кузатилмоқда.

Доллар ва бошқа асосий жаҳон валюталарида қарз жалб қилиш қиймати ошиб бормоқда. Шу билан бирга, давлат облигацияларини миллий валютада жойлаштириш арзонроққа тушмоқда.

«Апрель ойида облигациялар жойлаштирилганида ставка 12,25 фоизни ташкил этган бўлса, ҳозир сўмда номиналланган облигациялар бўйича бу кўрсаткич 9 фоизни ташкил этмоқда. GBI индексига қўшилганимиздан кейин у сезиларли даражада пасайди», — деди Ачилов.

Халқаро молия институтлари ички бозорга чиқмоқда

Марказий банк раисининг ўринбосари халқаро молия ташкилотлари Ўзбекистон ички бозоридан маблағ жалб қилиш имкониятларини ҳам кўриб чиқаётганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, сўмда облигациялар жойлаштиришга бўлган қизиқиш, жумладан, валюта курсининг сузиб юриши ва мамлакатнинг катта захиралари билан боғлиқ. Халқаро институтлар миллий валютада ресурслар жалб қилиш харажатларини камайтиришга интилмоқда.

«Халқаро молия ташкилотлари шу ерда, ички бозорда сўмда облигациялар чиқариш ва маҳаллий бозоримиздан маблағ жалб қилишни режалаштирмоқда», — деди Ачилов.

Унинг қўшимча қилишича, капитал бозорининг кейинги ривожланиши мамлакат ичида мавжуд молиявий ресурслар ҳажмини ошириш имконини беради.

Инвесторлар Ўзбекистон қарз мажбуриятларига қизиқиш билдирмоқда

ХВЖнинг Ўзбекистондаги доимий вакили Коба Гвенетадзе ҳам инвесторларнинг мамлакат давлат облигацияларига талаби юқори эканини таъкидлади.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон евро, АҚШ доллари ва сўмда қарз қимматли қоғозларини жойлаштирмоқда. Ушбу чиқарилишларга талаб таклиф ҳажмидан юқори бўлмоқда, купон ставкалари эса аста-секин пасаймоқда.

«Ўзбекистон облигацияларни учта валютада — евро, АҚШ доллари ва ўзбек сўмида чиқармоқда. Уларга талаб таклиф ҳажмидан бир неча баравар юқори бўлди, купон ставкаси эса пасаймоқда. Бу инвесторлар Ўзбекистонга инвестиция киритишни жуда қизиқарли деб ҳисоблаётганини англатади», — деди Гвенетадзе.

У, шунингдек, мамлакат ташқи қарзининг таркибига баҳо берди. Унинг таъкидлашича, ташқи қарзнинг асосий қисмини нисбатан паст ва қатъий фоиз ставкаларидаги тараққиёт бўйича ҳамкорлар кредитлари ташкил этади.

Шу билан бирга, Ўзбекистон бозор механизмлари асосида молиялаштиришни ҳам жалб қилмоқда. Шу сабабли мамлакат халқаро бозорларда қарз олиш қиймати ошиши эҳтимолини ҳам ҳисобга олиши зарур.

ХВЖ баҳосига кўра, ҳатто стресс-сценарий амалга ошган тақдирда ҳам Ўзбекистоннинг қарз барқарорлиги сақланиб қолади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.