Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АКБ «Капиталбанк» умумий қиймати 50 млн АҚШ долларига тенг бўлган, долларда номиналланган фоизли корпоратив облигацияларни муомалага чиқаради.
Тегишли қарор 2026 йил 29 октябрь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган банк акциядорларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишида қабул қилинди. Бу ҳақда «Капиталбанк» АТБ хабар берди.
Банк ҳар бирининг номинал қиймати 100 доллар бўлган 500 минг дона эгаси ёзилган облигация жойлаштиради. Купон ставкаси йиллик 7 фоизни ташкил этади, купон даромади эса ҳар уч ойда бир марта тўлаб борилади.
Жами саккизта купон даври назарда тутилган. Қимматли қоғозларнинг муомала муддати муомала бошланган санадан эътиборан 731 кунни ташкил этади. Облигациялар бўйича таъминот назарда тутилмаган.
Облигациялар чиқарилиш давлат рўйхатидан ўтказилган санадан бошлаб бир йил давомида очиқ обуна орқали жойлаштирилади.
Битимлар қимматли қоғозларнинг уюшган бозорида савдолар ташкилотчиси қоидаларига мувофиқ тузилади. Андеррайтер вазифасини «Kapital Securities» МЧЖ инвестиция воситачиси бажаради.
Облигациялар учун тўлов ва уларни сўндириш АҚШ долларида, нақд пулсиз шаклда амалга оширилади.
Ҳисоб-китоблар «Тартибга солиш қумдони» махсус ҳуқуқий режими доирасида чет эл валютасидаги қимматли қоғозлар билан операцияларни амалга ошириш учун белгиланган қоидалар асосида ўтказилади.