Ўзбекистон

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Коксаки вирусидан огоҳлантирди

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Коксаки вирусидан огоҳлантирди
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Коксаки вирусидан огоҳлантирди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги куз-қиш мавсумида фаолроқ тарқалиши мумкин бўлган Коксаки вирусини юқтириш хавфи ҳақида огоҳлантирди. Вазирлик мутахассислари инфекциянинг асосий белгилари ва унинг олдини олиш чораларини эслатди.

Коксаки вируси энтеровируслар гуруҳига киради ва кўпроқ болаларда учрайди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабеков аввалроқ тушунтиришича, касаллик тана ҳароратининг 39–40 даражагача кўтарилиши, бош оғриғи, умумий ҳолсизлик, кўнгил айниши ва қайт қилиш билан кечиши мумкин.

Инфекциянинг ўзига хос белгилари қаторига кафтлар, оёқ товонлари ва оғиз бўшлиғи шиллиқ қаватида тошмалар пайдо бўлиши киради. Яққол ифодаланган аломатлар кузатилганда мутахассислар тиббий ёрдамга мурожаат қилишни тавсия этади.

Юқтириш хавфини камайтириш учун Соғлиқни сақлаш вазирлиги қўлларни мунтазам равишда совун билан ювиш, ўйинчоқлар ва умумий фойдаланишдаги буюмларни тозалаш, мева-сабзавотларни яхшилаб ювиш, шунингдек, хавфсиз ичимлик сувини истеъмол қилишни тавсия этмоқда.

Вазирлик вирусли инфекцияга шубҳа туғилганда антибиотикларни ўзбошимчалик билан қабул қилмаслик кераклигини ҳам эслатди.

Бундай препаратлар вирусларга қарши самара бермайди. Шунинг учун уларни қўллаш заруратини фақат шифокор белгилаши лозим.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.