Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Абдуғани Сангинов Қозоғистоннинг Azimut компанияси раҳбари Евгений Татаринцев билан учрашув ўтказди.
Томонлар нефть-газ саноатида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий технологияларни жорий этиш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашувда Azimut компаниясининг технологик ечимларини сейсморазведка, бурғилаш, қатламни гидравлик ёриш ва қудуқларни геофизик тадқиқ қилиш соҳаларида қўллаш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди.
Azimut геология-қидирув ишлари ва нефть-газ саноати соҳасида сервис хизматларини кўрсатишга ихтисослашган.
Учрашув якунлари бўйича томонлар тақдим этилган таклифларни техник жиҳатдан пухта ишлаб чиқиш ҳамда истиқболли йўналишларда амалий ҳамкорликни ривожлантириш зарурлигини таъкидлади.
Хабарда аниқ лойиҳалар ва уларни амалга ошириш муддатлари кўрсатилмаган.