Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — QS World University Rankings: Asia 2027 минтақавий рейтингида Ўзбекистоннинг 38 та олий таълим муассасаси ўрин олди. Уларнинг 15 таси рейтингда илк бор иштирок этди. Жами тадқиқотда Осиёнинг 26 та мамлакати ва ҳудудидан 1722 та университет қатнашди.
QS Quacquarelli Symonds маълумотларига кўра, Ўзбекистоннинг рейтингдаги кўрсаткичлари 17 фоизга яхшиланган.
Ўзбекистон олий таълим муассасалари орасида энг юқори натижани Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти — Миллий тадқиқот университети (ТИҚХММИ-МТУ) қайд этди. У 113-ўринни эгаллади. Бир йил аввал эса 103-поғонада эди.
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети 196-ўриндан жой олди. Аввалги рейтингда университет 180-ўринни эгаллаган эди. Самарқанд давлат университети эса натижасини сезиларли даражада яхшилаб, 307-ўриндан 215-поғонага кўтарилди.
Тошкент давлат иқтисодиёт университети 255-ўринни эгаллади. Бу ўтган йилги 274-ўринга нисбатан яхшироқ натижадир. Тошкент давлат техника университети эса 301-ўриндан 281-поғонага кўтарилди.
Наманган давлат техника университети 469-ўриндан жой олди. Аввалги рейтингда у 951–1000-ўринлар оралиғида эди.
Ўзбекистоннинг бошқа олий таълим муассасаларидан ҳам минтақавий рейтингнинг кучли 600 талигига бир қатор университетлар кирди. Жумладан, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети 549-ўринни, Тошкент давлат транспорт университети 553-ўринни, Низомий номидаги Ўзбекистон миллий педагогика университети 578-ўринни ва Урганч давлат университети 590-ўринни эгаллади.
QS Asia рейтинги университетларни 11 та мезон асосида баҳолаш орқали шакллантирилади. Унинг методологияси Осиё минтақасининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олади ҳамда глобал QS World University Rankings рейтингини тузишда қўлланиладиган ёндашувдан фарқ қилади.
QS баҳолашига кўра, Ўзбекистон университетлари иш берувчилар орасидаги нуфуз, хорижий ўқитувчилар улуши ва талабалар алмашинуви кўрсаткичлари бўйича нисбатан юқори натижаларни намойиш этмоқда.
Шу билан бирга, энг мураккаб йўналишлар илмий тадқиқотлар билан боғлиқ бўлиб қолмоқда. Мамлакат университетлари бир илмий мақолага тўғри келадиган иқтибослар сони ва бир нафар ўқитувчига тўғри келадиган илмий нашрлар миқдори бўйича энг паст баҳоларни олган.
QS катта вице-президенти Бен Саутернинг таъкидлашича, Ўзбекистон олий таълим тизими жорий рейтингда энг жадал ривожланаётган тизимлар қаторига киради. Унинг сўзларига кўра, олий таълим сектори кўламининг кенгайиши, халқаро ҳамкорлик алоқаларининг кўпайиши ва айрим университетлар, хусусан, Самарқанд давлат университетининг натижалари соҳадаги ривожланишдан далолат беради.
Шу билан бирга, QS вакилининг қайд этишича, университетларнинг рейтингдаги ўрнини янада яхшилаш олий таълим тизими кўлами ва унинг халқаро мақсадлари кенгайиб бораётган шароитда илмий-тадқиқот салоҳиятини мустаҳкамлашга боғлиқ бўлади.
Бутун Осиё рейтингида биринчи ўринни Гонконг университети сақлаб қолди.
Пекин университети иккинчи ўринда қолди, Цинхуа университети эса тўққиз поғона юқорилаб, учинчи ўринни эгаллади. Кучли йигирматаликдан, шунингдек, Гонконг, материк Хитой, Сингапур, Жанубий Корея ва Малайзия университетлари ҳам жой олди.
Умуман, Марказий Осиё мамлакатлари рейтингда 99 та университет билан иштирок этди.
Ушбу гуруҳга Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистон олий таълим муассасалари киради.