Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил январь–сентябрь ойларида 16 522 нафар Ўзбекистон фуқароси таълим олиш мақсадида хорижга чиқди. Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, бу 2025 йилнинг мос даврига нисбатан 8,1 минг нафарга ёки 33 фоизга кам.
2025 йилда хорижда таҳсил олиш учун йўлга чиққан ўзбекистонликлар орасида энг оммабоп йўналиш Тожикистон бўлган. Ўша йилнинг дастлабки тўққиз ойида ушбу мамлакатга 5 534 нафар фуқаро ўқиш мақсадида борган. 2026 йилда эса Россия етакчи йўналишга айланди.
Жорий йилнинг январь–сентябрь ойларида 3 847 нафар Ўзбекистон фуқароси таълим олиш учун Россияга борган. Иккинчи ўринни 2 809 нафар фуқаро билан Қирғиз Республикаси, учинчи ўринни эса 2 118 нафар ўзбекистонлик таълим олиш учун борган Жанубий Корея эгаллади.
Туркияга ўқиш мақсадида 1 818 нафар, Хитойга 1 248 нафар, Қозоғистонга 1 112 нафар Ўзбекистон фуқароси йўл олган. Тожикистонга эса 904 нафар фуқаро таълим олиш учун борган.
Бошқа йўналишлар қаторида Буюк Британия ҳам бор. Ушбу мамлакатга 784 нафар ўзбекистонлик ўқиш учун борган. Германияни 374 нафар, АҚШни эса 231 нафар фуқаро танлаган.
Бундан ташқари, яна 1 277 нафар Ўзбекистон фуқароси таълим олиш мақсадида бошқа мамлакатларга йўл олган.