Иқтисод

Ўзбекистон ва Франция янги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди

Ўзбекистон ва Франция янги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди
Ўзбекистон ва Франция янги инвестиция лойиҳаларини муҳокама қилди / Фото: Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Франция инвестициявий ҳамда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини, жумладан, энергетика, транспорт, сув таъминоти ва шаҳар инфратузилмасини ривожлантириш соҳаларидаги қўшма лойиҳаларни муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги хабар берди.

Музокаралар 26 октябрь куни Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлигида вазир ўринбосари Илзат Қосимов ҳамда Франция Европа ва ташқи ишлар вазирининг шаҳарларни барқарор ривожлантириш ва транспорт масалалари бўйича махсус вакили Жерар Вольф ўртасида бўлиб ўтди.

Учрашувда Франциянинг Alstom, SUEZ, Veolia, EDF, MND, Dassault Systèmes, IVECO ва Wilmotte & Associés компаниялари вакиллари иштирок этди.

Томонлар энергетика, транспорт, сув таъминоти, коммунал инфратузилма, рақамлаштириш, туризм ва шаҳарсозлик соҳаларида қўшма ташаббусларни амалга ошириш имкониятларини кўриб чиқди.

Франция технологияларини жорий этиш, шаҳар инфратузилмасини модернизация қилиш ва Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқларига инвестициялар жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Музокаралар якунида томонлар ҳамкорликни янада ривожлантириш ва қўшма ташаббусларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқаришдан ўзаро манфаатдор эканини тасдиқлади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.