Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — АҚШнинг Grapa Global компанияси замонавий узумчиликни ривожлантириш ва ҳудуднинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш мақсадида Фарғона вилоятига ARRA селекциясига мансуб уруғсиз узумнинг 10 навини олиб келишни режалаштирмоқда.
Ҳамкорлик режалари «Фарғона экспо» кўргазма мажмуасида бўлиб ўтган узумчиликни ривожлантириш, истиқболли навларни жорий этиш ва замонавий узумзорлар барпо қилишга бағишланган семинарда маълум қилинди.
Тадбирда Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров, Grapa Global бош директори Рафи Карниэль, қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари Жамшиджон Абдузухуров, тегишли ташкилотлар вакиллари, хорижий ҳамкорлар ва фермерлар иштирок этди.
Учрашув якунлари бўйича Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, «Ўзагростар» холдинги, Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Grapa Global LLC ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Ҳужжат узумчиликни ривожлантириш, кўчатлар импортини ташкил этиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини кенгайтиришни назарда тутади.
АҚШ компанияси кўчат етказиб бериш билан бир қаторда узум етиштиришнинг замонавий технологиялари ва илғор тажрибаларини жорий этишга ҳам кўмаклашмоқчи.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоровнинг таъкидлашича, уруғсиз узум навлари жаҳон бозорида талаб юқори бўлган маҳсулотлар қаторига киради. Улар маҳсулотнинг қўшилган қиймати ва экспортдан тушадиган даромадни ошириш имконини беради. Ушбу навларнинг таъми, ташқи кўриниши, ташиш ва сақлаш жараёнида сифатини сақлаб қолиш хусусиятлари уларни хорижий бозорларга етказиб бериш учун истиқболли қилади.
Фарғона вилоятида 400 дан ортиқ фермер хўжалиги жами 4,5 минг гектар майдонда узум етиштиради. Шундан қарийб 3,4 минг гектари ёки вилоятдаги барча узумзорларнинг деярли 76 фоизи Олтиариқ туманида жойлашган.
Семинарда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш дастурлари, жумладан, «Агростар» лойиҳаси ҳамда узумзорлар майдонини икки бараварга ошириш режалари ҳам муҳокама қилинди.
Grapa Global раҳбари Рафи Карниэль ҳудуднинг қулай иқлим шароитларини таъкидлаб, эришилган келишувларни амалий босқичга тезроқ ўтказишдан манфаатдор эканини билдирди.
Тадбир иштирокчилари янги навлар ва технологияларни жорий этиш фермерлар даромадларини ошириш, маҳсулот сифатини яхшилаш ва Фарғона вилоятининг экспорт салоҳиятини мустаҳкамлашга хизмат қилишини кутмоқда.