Иқтисод

Қашқадарёда иситиш хизмати кўрсатилмагани учун 2,3 млрд сўм қайта ҳисобланди

Қашқадарёда иситиш хизмати кўрсатилмагани учун 2,3 млрд сўм қайта ҳисобланди
Қашқадарёда иситиш хизмати кўрсатилмагани учун 2,3 млрд сўм қайта ҳисобланди / Фото: Солиқ қўмитаси.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қашқадарё вилоятида марказлашган иситиш хизмати кўрсатилмаган кунлар учун 5,5 мингта хонадонга қарийб 2,3 млрд сўмлик тўловлар қайта ҳисоблаб чиқилди.

Қайта ҳисоб-китоб қозонхоналар фаолияти текширилиб, иссиқлик таъминоти бўлмаган даврлар учун ҳам тўловлар ҳисобланган ҳолатлар аниқланганидан кейин амалга оширилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси хабар берди.

Қўмитанинг ҳудудий бошқармаси вилоятдаги кўп квартирали уйларда марказлашган иситиш хизматлари кўрсатилиш сифатини ўрганди. Иссиқлик энергияси маҳаллий қозонхоналар орқали «Иссиклик таъминоти» МЧЖ томонидан етказиб берилган.

Корхонанинг хизмат кўрсатиш ҳудудига Қарши шаҳри, шунингдек, Нишон, Косон ва Яккабоғ туманларидаги 384 та кўп квартирали уй кирган.

Жами 14 448 та хонадон марказлашган иситиш тизими билан таъминланган. Бундан ташқари, корхона 12 та бюджет ва бошқа ташкилот билан иссиқлик энергиясини етказиб бериш бўйича шартномалар тузган.

Текширув давомида айрим даврларда қозонхоналар режали таъмирлаш ишлари, тизимдаги авариялар, газ босимининг меъёрий даражадан пасайиши, шунингдек, совуқ сув ва электр энергияси таъминотидаги узилишлар сабабли ишини тўхтатгани аниқланди. Натижада истеъмолчилар иситиш хизматидан маҳрум бўлган.

Иссиқлик таъминоти мавжуд бўлмаганига қарамай, ушбу кунлар учун ҳам тўлов қарздорлиги ҳисоблашда давом этилган. Қўмита қонунчиликда белгиланган тартибга мувофиқ, иситиш мавсуми якунлари бўйича тўловларни қайта ҳисоблаш масаласини кўриб чиқди.

Натижада 5,5 мингта хонадон фойдасига тўловлар қайта ҳисоблаб чиқилди. Қайта ҳисоб-китобнинг умумий суммаси қарийб 2,3 млрд сўмни ташкил этди.

Қўмита коммунал хизматлар кўрсатишда белгиланган талабларга риоя этилишини назорат қилиш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ишларни давом эттиришини маълум қилди.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.