Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Марказий банки 2026 йил сентябрь ойида 7 тонна олтин харид қилди. Бу ойда жаҳон марказий банклари жами олтин захираларини 61 тоннага оширди. Бу йил бошидан буён қайд этилган энг юқори ойлик кўрсаткич бўлди.
Жаҳон олтин кенгаши (World Gold Council) маълумотларига кўра, январь–сентябрь ойларида марказий банклар қимматбаҳо металлнинг соф хариди 228 тоннани ташкил этганини маълум қилган. Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 7 фоизга кам.
Сентябрь ойида энг йирик олтин харидори Польша бўлиб, мамлакат захираларини 25 тоннага оширган. Хитой 23 тонна, Ўзбекистон эса 7 тонна олтин сотиб олган.
Бошқа харидорлар қаторида Қозоғистон Марказий банки захираларини 5 тоннага, Иордания 4 тоннага, Чехия 2 тоннага ва Боливия 1 тоннага кўпайтирган. Ойнинг энг йирик сотувчиси Россия бўлиб, мамлакат олтин захираларини 6 тоннага қисқартирган.
Жаҳон бозоридаги умумий вазиятга назар ташланса, 2026 йилнинг учинчи чорагида олтинга бўлган талаб 1 369 тоннани ташкил этган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1 фоизга кам. Бироқ олтиннинг қиймат жиҳатидан ҳажми 22 фоизга ошиб, 188 миллиард долларга етган. Чорак давомида металлнинг ўртача нархи трой унцияси учун 4 262 долларни ташкил қилган.
Марказий банклар ва бошқа расмий муассасалар июль–сентябрь ойларида 321 тонна олтин харид қилган. Бу бир йил аввалги кўрсаткичдан 42 фоизга кўп бўлиб, 2024 йилнинг тўртинчи чорагидан буён қайд этилган энг юқори чораклик ҳажм ҳисобланади.
Йил бошидан буён уларнинг жами олтин хариди 675 тоннага етган. Бу йиллик ҳисобда 6 фоизга ўсишни англатади.
Жаҳон олтин кенгаши баҳолашича, расмий муассасалар томонидан олтин харид қилишда захираларни диверсификация қилиш ва рискларни бошқариш муҳим омиллар бўлиб қолмоқда.