Шошилинч
Молия

Ўзбекистон Марказий банки тўртта банкка исломий молия операциялари учун лицензия берди

Ўзбекистон Марказий банки тўртта банкка исломий молия операциялари учун лицензия берди
Ўзбекистон Марказий банки тўртта банкка исломий молия операциялари учун лицензия берди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Марказий банки тўртта тижорат банкига исломий молиялаштириш соҳасида операцияларни амалга ошириш учун лицензиялар берди. Регулятор бошқаруви тегишли рухсатномаларни тақдим этиш тўғрисидаги қарорларни 2026 йил 18 ноябрда қабул қилди.

Лицензияларни АИТБ Ipak Yo‘li, «ASIA ALLIANCE BANK» АТБ, «Orient Finans» ХАТБ ва «HAYOT BANK» АЖ қўлга киритди.

Ушбу рухсатномалар банкларга «Банклар ва банк фаолияти тўғрисида»ги қонуннинг 5¹-моддасида назарда тутилган исломий молиялаштириш операцияларини амалга ошириш ҳуқуқини беради.

Регулятор мижозларга банк хизматларидан фойдаланишдан олдин Марказий банкнинг расмий веб-сайти орқали тегишли лицензия мавжудлигини текширишни тавсия қилди.

Аввалроқ Ўзбекистонда исломий банк фаолиятини амалга ошириш учун биринчи лицензияни Open Bank олган эди. Уни бериш тўғрисидаги қарор Марказий банк бошқаруви томонидан 2026 йил 23 октябрда қабул қилинган. 28/1-сон қарорга мувофиқ, банкка 1-И-сонли лицензия берилган.

Исломий банкинг қандай ишлайди?

Исломий банкингни ривожлантириш учун қонунчилик асоси 2026 йил 27 мартда қабул қилинган ва 29 июнда кучга кирган қонун билан яратилди. Ҳужжатда исломий молиялаштиришнинг олтита операция тури белгиланган.

Улардан бири — музораба бўлиб, унда капитал бошқарувчи томонга берилади ва кейинчалик олинган фойда иштирокчилар ўртасида тақсимланади. Вакола эса агентлик шартномасига асосланади. Унга кўра, маблағлар ишончли вакил орқали тақдим этилади ёки жалб қилинади.

Муробаҳа банк томонидан товарни харид қилиш ва уни олдиндан келишилган, устама нархни ўз ичига олган қийматда мижозга бўлиб-бўлиб тўлаш шарти билан сотишни назарда тутади. Салам операциясида эса харидор товар етказиб берилгунига қадар унинг ҳақини тўлайди.

Мушорака лойиҳаларни биргаликда молиялаштириш ёки компаниялар капиталида шерикчилик асосида иштирок этишни англатади. Ижара эса мол-мулкни ижарага беришни, жумладан, кейинчалик уни сотиб олиш имкониятини ҳам назарда тутади.

Қонун халқаро банк амалиёти ва Ўзбекистон қонунчилигига мувофиқ бўлган бошқа операция турларини ҳам амалга оширишга рухсат беради.

Анъанавий кредитлашдан фарқли равишда, исломий молиялаштириш фоизли қарзларни назарда тутмайди. Унинг ўрнига савдо устамалари, ижара тўловлари ва фойдани тақсимлаш механизмларидан фойдаланилади. Бу эса бундай молиявий хизматлар бепул кўрсатилади, дегани эмас.

Лицензиялаш тартиби алоҳида исломий банк ташкил этиш учун ҳам, амалдаги тижорат банки таркибида исломий бўлинма очиш учун ҳам белгиланган. Иккинчи ҳолатда банк бир вақтнинг ўзида анъанавий ва исломий молиявий хизматларни кўрсатиши мумкин.

Бунда банк икки турдаги операциялар бўйича алоҳида ҳисоб юритиши, ихтисослаштирилган бўлинма ташкил этиши ва исломий молиялаштириш стандартларига риоя этилишини назорат қилувчи кенгашни шакллантириши шарт.

Исломий молияни ривожлантириш режалари

Ўзбекистонда исломий молиялаштиришни ривожлантириш ишлари исломий банкинг тўғрисидаги қонун қабул қилинишидан олдин бошланган. 2022 йилда микромолия ташкилотларига ушбу соҳада хизматлар кўрсатишга рухсат берилди. 2024 йил июль ойида Марказий банк музораба, муробаҳа, мушорака, ижара ва салам каби операцияларни ўз ичига олган тегишли операцияларни амалга ошириш қоидаларини тасдиқлади.

2026 йил март ойида Президент Шавкат Мирзиёев исломий банкингни жорий этиш тўғрисидаги қонунни имзолади. Ҳукумат 2026–2030 йилларда тўлиқ исломий тамойиллар асосида фаолият юритувчи иккита банк ташкил этиш ва камида битта тижорат банкида ихтисослаштирилган бўлинмалар очиш режаларини маълум қилди.

Дастлабки баҳоларга кўра, ушбу режаларнинг амалга оширилиши қўшимча равишда тахминан 1 миллиард доллар инвестиция ва депозитларни жалб қилиши мумкин.

2025 йил октябрь ойида Марказий банк раисининг ўринбосари Аброрходжа Турдалиев 2030 йилга қадар мамлакатда 10 та исломий банк пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақида гапирган эди. Шунингдек, учта давлат банкида исломий бўлинмалар очиш масаласи ҳам кўриб чиқилган.

2026 йил апрель ойида регулятор раисининг ўринбосари Санжар Носиров тўрт-бешта хорижий банк Ўзбекистон бозорига киришдан манфаатдор эканини маълум қилди. Бироқ уларнинг мамлакат бозорида иштирок этиши учун зарур ҳуқуқий базани шакллантириш талаб этилиши таъкидланган.

2026 йил июнь ойида Марказий банк йил охирига қадар исломий молиявий хизматлар бўйича еттитагача стандартни қабул қилиш нияти борлигини эълон қилди. Уларни ишлаб чиқиш жараёнини регулятор ҳузуридаги Исломий молия кенгаши мувофиқлаштирмоқда.

Июль ойида Марказий банк банклар ҳузуридаги исломий молия кенгашларининг таркибига ва лицензиялаш шартларига нисбатан талабларни ҳам белгилади. Мажбурий ҳужжатлар рўйхатига уч йиллик бизнес-режа ҳам киритилди.

 

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.