Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Uzum Bank’нинг 2026 йилнинг тўққиз ойи якунлари бўйича соф фойдаси 485,0 млрд сўмни ташкил этди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 63,4 баравар кўп. Бу ҳақда «Кардеро» инвестиция банки openinfo.uz порталида эълон қилинган ҳисобот маълумотларига таяниб хабар берди.
Банкнинг фақат учинчи чоракдаги соф фойдаси 226,9 млрд сўмга етди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 1095,4 фоизга ошган.
Uzum Bank’нинг жами даромадлари 145,6 фоизга ўсиб, 2,3 трлн сўмни ташкил этди. Даромадларнинг асосий манбаи аввалгидек комиссия тушумлари бўлиб қолмоқда. Тўққиз ой давомида улар 2,5 баравар кўпайиб, 1,6 трлн сўмга етди.
Банк активлари бир йилда 214,8 фоизга ўсиб, 4,5 трлн сўмни ташкил қилди. Капитал эса 112,4 фоизга кўпайиб, 1,6 трлн сўмга етди. Кредитлар бўйича эҳтимолий йўқотишларни баҳолаш кўрсаткичи 12,1 млрд сўмни ташкил этди. Бу бир йил аввалгига нисбатан 117,1 фоизга кўп.
2026 йил 1 октябрь ҳолатига кўра, Uzum Bank кредит портфели 450 млрд сўмга етди. Бир йил аввал бу кўрсаткич 67 млрд сўмни ташкил этган.