Иқтисод

Ўзбекистон ва Польша темир йўл юк ташишни кенгайтиришга келишди

Ўзбекистон ва Польша темир йўл юк ташишни кенгайтиришга келишди
Ўзбекистон ва Польша темир йўл юк ташишни кенгайтиришга келишди / Фото: «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Польша темир йўл орқали юк ташиш соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтиришга келишиб олди. Тегишли меморандумни «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ ва Польша давлат темир йўллари имзолади. Бу ҳақда «Ўзбекистон темир йўллари» матбуот хизмати хабар берди.

Ҳужжат имзоланишидан аввал ўзбек компанияси бошқаруви раиси Зуфар Нарзуллаевнинг «PKP» SA бошқаруви раиси Алан Беруд бошчилигидаги Польша делегацияси билан учрашуви бўлиб ўтди. Музокаралар 9 ноябрь куни ўтказилди.

Томонлар икки мамлакат ўртасидаги юк ташиш ҳажмини ошириш, қўшимча юк оқимларини жалб қилиш ва контейнер поездларининг мунтазам қатновини йўлга қўйиш имкониятларини муҳокама қилдилар. Ташиш ҳажмини ривожлантириш шартларидан бири сифатида рақобатбардош тарифларни қўллаш қайд этилди.

Иштирокчилар транзит ташувлари ва мультимодал логистика занжирларига ҳам алоҳида эътибор қаратдилар. Улар Марказий Осиё ва Европа ўртасидаги транспорт алоқаларини ривожлантиришда Ўзбекистон темир йўл тармоғининг аҳамиятини таъкидладилар.

Шунингдек, Хитойдан Ўзбекистон орқали юк ташиш истиқболлари муҳокама қилинди. Хусусан, қурилиши давом этаётган «Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темир йўли ҳақида сўз борди. Учрашув иштирокчиларининг баҳолашича, ушбу йўналиш Евроосиё қитъаси бўйлаб юкларни етказиб бериш муддатларини қисқартириш ва транзит имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилади.

Имзоланган меморандум Ўзбекистон ва Польша ўртасида юк ва мультимодал ташувларни ривожлантириш, шунингдек, икки мамлакат ўртасидаги транспорт алоқаларини мустаҳкамлашни назарда тутади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.