Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистоннинг U-17 ёшлар терма жамоаси жаҳон чемпионатига тайёргарлик доирасида ўтказилган назорат учрашувида Эквадор терма жамоаси билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Бу ҳақда Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувнинг 61-дақиқасида Эквадор терма жамоаси ҳисобни очди.
Ўзбекистон терма жамоаси мағлубиятдан Ҳабибуллоҳ Тоҳировнинг голи эвазига қутулиб қолди. У иккинчи бўлимга қўшиб берилган вақтнинг иккинчи дақиқасида, яъни 90+2-дақиқада гол урди ва ҳисобни тенглаштирди — 1:1.
Учрашувни асосий таркибда Меҳрож Сирожиддинов, Муҳаммад Ҳакимов, Миржамол Анваров, Абубакир Раҳимов, Адис Абдунабиев, Ислом Равшанов, Амирхон Эркинов, Муҳаммад Маматoв, Сухроб Садиржонов, Ахрорбек Равшанбеков ва Аслибек Алиев бошлади.
Иккинчи бўлимда эса Муҳаммадизиз Розибоев, Нурмуҳаммад Ўктамов, Жаҳонгир Ўктамбоев, Миркомил Муродов, Муҳаммадодилхон Орифхонов, Ҳабибуллоҳ Тоҳиров ва Лазиз Абдураимов захирадан майдонга тушди.