Спорт

Тошкентда 14 ноябрь куни халқаро GTO фестивали ўтказилади

Тошкентда 14 ноябрь куни халқаро GTO фестивали ўтказилади
Тошкентда 14 ноябрь куни халқаро GTO фестивали ўтказилади / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Халқаро спорт фестивали — GTO (Global Test Opportunity) 14 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтади. Иштирокчилар жисмоний тайёргарлик бўйича синовлардан ўтиш, Россия ва Ўзбекистон спорт мажмуалари нормативларини бажариш, шунингдек, рекордлар ўрнатиш учун беллашиш имкониятига эга бўлади.

Тадбир Россиянинг «Меҳнат ва мудофаага тайёр» кўпкураш федерацияси умумроссия жамоат ташкилоти томонидан Ўзбекистон ва Россия спорт вазирликлари, шунингдек, Россия спорт фонди кўмагида ташкил этилмоқда.

Фестиваль соат 10:00 дан 17:00 гача Олимпия шаҳарчасидаги спорт ўйинлари залида бўлиб ўтади. Манзил: Яшнобод тумани, Янги Ўзбекистон кўчаси. Иштирок этиш бепул. Тадбирга ташриф буюриш учун гто.рус сайтида рўйхатдан ўтиш керак.

Дастур бир нечта йўналишни ўз ичига олади. «ГТО фарқлаш белгиси» йўналишида иштирокчилар 13 та станцияда синовлардан ўтиб, жинси ва ёшини ҳисобга олган ҳолда белгиланган нормативларни бажаришлари мумкин. Ушбу йўналишда фақат Россия фуқаролари иштирок эта олади.

Ўзбекистон фуқаролари эркаклар ва ўғил болалар учун мўлжалланган «Алпомиш», аёллар ва қизлар учун белгиланган «Барчиной» миллий жисмоний тарбия-спорт мажмуалари нормативларини бажаришлари мумкин.

«GTO карусели» форматида барча хоҳловчилар олтита ёш тоифаси бўйича мусобақалашади. Иштирокчилар тўртта спорт йўналишида кетма-кет синовдан ўтади. «Кун рекорди» йўналишида эса жойидан узунликка сакраш, эгилувчанлик машқлари, қўлларга таяниб букиб-ёзиш, қорин мушаклари учун машқлар, гиря кўтариш ва турникда тортилиш бўйича энг яхши натижаларни қайд этиш мумкин.

Фестивальда олти ёшдан бошлаб барча хоҳловчилар иштирок этиши мумкин. Россия мажмуаси нормативларини муваффақиятли бажариш тегишли ГТО фарқлаш белгисини олиш учун асос бўлиши мумкин.

Ўзбекистон аҳолиси «Алпомиш» ва «Барчиной» мажмуалари нормативларини бажариш натижаларига кўра миллий фарқлаш белгисини олиш учун даъвогар бўлиши мумкин.

Барча иштирокчиларга фестиваль рамзлари туширилган старт тўпламлари ва дипломлар берилади. Мусобақа ғолиблари ва совриндорлари эса эсдалик медаллари, дипломлар ва совғалар билан тақдирланади.

Ташкилотчилар таъкидлашича, Тошкентдаги фестиваль халқаро спорт байрамлари туркумидаги иккинчи тадбир бўлиб, ҳамкорликни ривожлантириш ва жисмоний тарбияни оммалаштиришга қаратилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.