Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — «Тошкент» республика фонд биржаси UPI индексларининг янги турларини ишлаб чиқди.
Улар Президентнинг 2025 йил 18 декабрдаги «Капитал бозорида инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-254-сон фармонида назарда тутилган ислоҳотлар доирасида, Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги (ИЛМА) билан ҳамкорликда яратилди. Асосий мақсад — Ўзбекистон капитал бозорининг халқаро рейтинглар ва индекслардаги мавқеини мустаҳкамлаш.
2026 йил 10 ноябрдан бошлаб фонд бозорининг асосий кўрсаткичи бўлиб келган амалдаги UCI индекси ўрнига учта янги индекс жорий этилади.
UPI (Uzbekistan Prime Index) — акцияларнинг вазни эмитентларнинг тўлиқ бозор капиталлашуви асосида белгиланади.
UPI FF (Uzbekistan Prime Index Free Float Adjusted) — акцияларнинг вазни эркин муомаладаги акциялар улуши (free float) ҳисобга олинган ҳолдаги капиталлашув асосида белгиланади.
UPI EW (Uzbekistan Prime Index Equal-Weighted) — ҳар чоракда қайта кўриб чиқиш вақтида барча акцияларга бир хил бошланғич вазн берилади.
Индекслар халқаро амалиётни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган бўлиб, ягона ҳисоблаш базаси, қимматли қоғозларни танлашнинг умумий мезонлари ва таркибни қайта кўриб чиқишнинг ягона тартибига эга. Улар бир-биридан фақат акциялар вазнини белгилаш усули билан фарқ қилади.
Индекслар таркиби қандай шакллантирилади?
Янги методологияга мувофиқ, эмитентнинг молиявий натижалари, акцияларнинг Биржа котировка варағида бўлиш муддати, эркин муомаладаги акциялар улуши, савдо фаоллиги ва ликвидлик даражаси ҳисобга олинади.
Асосий талаблар қаторига эмитентнинг энг сўнгги эълон қилинган йиллик ҳисоботида ижобий молиявий натижа қайд этилган бўлиши, эркин муомаладаги акциялар улуши камида 5 фоизни ташкил этиши, шунингдек, савдо фаоллиги ва ликвидлик мезонларига мувофиқлик киради.
Индексларни ишлаб чиқишда бозор иштирокчиларининг таклифлари ҳам инобатга олинди.
Янгилик бозор иштирокчиларига нима беради?
Янги индекслар бозор кўрсаткичларининг шаффофлигини ва уларни халқаро инвесторлар учун ўзаро таққослаш имкониятини оширади. Шунингдек, таҳлилчилар ва оммавий ахборот воситалари учун қўшимча маълумот манбаига айланади ҳамда биржада савдолашиладиган инвестиция фондлари (ETF) каби индексга асосланган инвестиция маҳсулотларини ривожлантириш учун методологик асос яратади. Эмитентлар акцияларни индекслар таркибига киритиш мезонлари билан эркин танишишлари мумкин бўлади.
UCI индексининг қийматлари Bloomberg платформасига узатиб келинган. UPI, UPI FF ва UPI EW индекслари бўйича маълумотлар ҳам Bloomberg’га тақдим этилади. Refinitiv (LSEG) ва Cbonds платформалари ҳам янги индексларга қизиқиш билдирган. Ушбу платформаларга маълумотларни узатиш бўйича ишлар ҳам Ўзбекистон капитал бозорининг халқаро рейтинглардаги мавқеини мустаҳкамлашга қаратилган.
Янгилик Биржа томонидан ишлаб чиқилаётган бозор маълумотлари ва таҳлили учун ягона Umetryx платформасини яратиш билан ҳам боғлиқ.
Уч босқичда ишга туширилиши режалаштирилган платформа инвесторларга савдо маълумотлари ва компанияларнинг молиявий кўрсаткичларини реал вақт режимида тақдим этади. Шунингдек, акциялар нархининг графиклар билан бирга тарихий маълумотлари, облигациялар ва эмитентлар ҳақидаги ахборот, акцияларни танлаш ва таҳлил қилиш воситалари ҳамда биржа индекслари ҳам платформадан жой олади.