Ўзбекистон

Ўзбекистон вакили цивилизациявий ривожланиш бўйича Пекин форумида иштирок этди

Ўзбекистон вакили цивилизациявий ривожланиш бўйича Пекин форумида иштирок этди
Ўзбекистон вакили цивилизациявий ривожланиш бўйича Пекин форумида иштирок этди / Фото: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий марказининг матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Хитой пойтахтида 2026 йил 6 ноябрь куни "Цивилизациялар уйғунлиги ва барча учун фаровонлик — илмий-техник янгиланишлар ҳамда цивилизациялар хилма-хиллиги" мавзусидаги 23-Пекин форуми ўз ишини бошлади.

Форум Пекин университети, Пекин шаҳар таълим қўмитаси, Чей истиқболли тадқиқотлар институти (Жанубий Корея) томонидан Хитой Халқ Республикаси Давлат кенгаши ҳамда Таълим вазирлиги кўмагида ташкил этилди.

Очилиш маросимида Пекин университети президенти Гао Сонг, Европа Комиссиясининг собиқ раиси ва Италиянинг собиқ Бош вазири Романо Проди, Франциянинг собиқ Бош вазири Жан-Пьер Раффарин, Бутунхитой халқ вакиллари кенгаши Доимий қўмитаси раисининг ўринбосари Дин Чжунли, Хитой Халқ Республикаси Таълим вазири ўринбосари Рен Екун, Покистоннинг собиқ Бош вазири Шоҳид Аббосий, ЮНЕСКОнинг собиқ Бош директори Ирина Бокова ва бошқа таниқли ижтимоий-сиёсий арбоблар сўзга чиқди. 

8 ноябрга қадар давом этган Пекин форуми ишида дунёнинг 30 та мамлакатидан 500 дан зиёд олим ва экспертлар, сиёсий доиралар ҳамда дипломатик корпус вакиллари қатнашди.

Пекин форуми ишида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг биринчи ўринбосари Мирзатилло Тиллабоев иштирок этди.

Пекин форуми ижтимоий тараққиёт, цивилизациялар уйғунлиги ва инсоният равнақига хизмат қилувчи гуманитар ва ижтимоий фанлар, халқаро илмий алмашинув ҳамда маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришга кўмаклашади.

Пекин форуми иштирокчилари бутун инсоният тарихи давомида ҳар бир технологик сакраш цивилизация қиёфаси ва унинг ривожланиш йўналишига чуқур таъсир кўрсатиб, турли анъаналарни мулоқот орқали янгиланишга ундаганини таъкидлайдилар. Бугунги кунда глобал технологик трансформация мисли кўрилмаган кўлам ва чуқурлик билан тезлашмоқда. У нафақат иқтисодий тараққиёт ва ижтимоий бошқарув моделларини ўзгартирмоқда, балки дунё цивилизацияларининг ўзаро алмашинуви, бир-бирини бойитиши ва ҳамжиҳатликда яшаши учун янги тарихий уфқларни очмоқда.

Шу муносабат билан ўзаро фарқларни ҳурмат қилган ва хилма-хилликни қабул қилган ҳолда технологиялар ривожини қандай йўналтириш ҳамда цивилизациялар мулоқоти салоҳиятини рўёбга чиқариш учун технологик инновациялардан қандай фойдаланиш кераклиги инсоният фаровонлигига дахлдор энг муҳим вазифа бўлиб қолмоқда.

Форумда техник тараққиёт билимларни яратиш ва тарқатиш, қадриятларни авлоддан-авлодга етказиш ҳамда ўзликни маданий намоён этиш шаклларини тубдан ўзгартираётгани таъкидланди. У цивилизациялараро билим алмашиш ва интеллектуал ҳамкорлик учун янги майдон яратиш баробарида, билимлар даражасидаги тафовут ва рақамли тенгсизлик каби муаммоларни ҳам келтириб чиқармоқда.

Шиддатли технологик ўсиш шароитида инсонпарварлик руҳи ва цивилизациялар хилма-хиллигини қандай сақлаб қолиш ҳамда технологиялар теран мулоқот ва ўзаро илҳомланишга хизмат қилиши учун самарали йўлларни топиш давримизнинг долзарб масаласидир. Пекин форуми халқаро илмий ҳамжамиятда истиқболли тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш ва ҳамфикрликка эришишга кўмаклашган ҳолда, замонавий тенденцияларни илғаш, илмий тафаккурни бирлаштириш ҳамда ҳаётий масалаларга ечим топишга интилмоқда.

Форумнинг ялпи ва 13 та шўъба мажлисларида технологик трансформация фалсафаси: илмий амалиёт, қадриятлар ва цивилизациялар мулоқоти; рақамли гуманитар фанлар ва мумтоз шарқшунослик; технологик трансформация ва халқаро тараққиёт; технологиялар, гегемонлик ва цивилизацияларнинг ўзаро бойиши каби қатор масалалар муҳокама қилинди.

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.