Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Озарбайжон Боку шаҳрида консуллик маслаҳатлашувларининг тўртинчи раундини ўтказди.
Учрашувда икки мамлакат фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, миграция масалалари ҳамда ваколатли органлар ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш муҳокама қилинди. Бу ҳақда «Дунё» ахборот агентлиги хабар берди.
Учрашув иштирокчилари консуллик хизматлари ҳамкорлигининг бугунги ҳолати ва истиқболларини кўриб чиқиб, Ўзбекистон ва Озарбайжон фуқароларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масаласига алоҳида эътибор қаратди.
Музокаралар кун тартибидан миграция, адлия, статистик маълумотлар алмашинуви ва шартномавий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш масалалари ҳам ўрин олди. Томонлар тегишли идоралар ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни мустаҳкамлаш муҳимлигини таъкидлади.
Консуллик хизматлари раҳбарлари икки мамлакат ўртасида стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари эришган даражани қайд этди.
Шунингдек, дўстона алоқаларни янада ривожлантириш ва ташқи сиёсат идоралари ўртасидаги амалий ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги таъкидланди.
Ташриф доирасида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги делегацияси Озарбайжонда истиқомат қилаётган ватандошлар билан ҳам учрашди.
Консуллик хизмати вакиллари Ўзбекистон фуқаролиги, миграция, ишга жойлашиш ва таълим билан боғлиқ долзарб масалалар юзасидан тушунтиришлар берди.