Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2027 йил 1 февралдан бошлаб Спорт вазирлиги тизимидаги спорт-таълим муассасаларида пуллик хизматлардан тушадиган барча маблағлар тўлиқ электрон назоратга олинади. Бу Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2026 йил 16 ноябрдаги ПҚ-396-сон қарорида белгиланган.
Бунинг учун Марказий банкнинг «МУНИС» тизими «ERP sport» ягона электрон бошқарув тизимига интеграция қилинади. Хизматлар учун тўловлар ягона ҳисоб рақамига келиб тушади ва автоматик равишда тақсимланади. Маблағларнинг 80 фоизи муассасага, 10 фоизи Спорт вазирлигининг Спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига, яна 10 фоизи вазирлик ҳузуридаги «Рақамлаштириш ва сертификатлаш маркази» МЧЖга йўналтирилади.
Қарор спорт соҳасини рақамлаштириш орқали очиқ ва шаффоф қилиш, бошқарув тизимини эса ихчам ва самарали ташкил этишга қаратилган. Ҳужжат, шунингдек, иқтидорли ёшларни саралаш кўламини кенгайтириш, жисмоний тарбия ўқитувчиларини қўллаб-қувватлаш ва мураббийлар тайёрлаш сифатини оширишни кўзда тутади.
Спорт вазирлиги «ERP sport» тизимини аллақачон ишга туширган ва уни «Рақамли ҳукумат» тизимига интеграция қилган. Барча давлат жисмоний тарбия-спорт муассасалари ва спорт федерациялари спортчилар, мураббийлар ҳамда мусобақалар тўғрисидаги маълумотларни ушбу тизимга киритиши шарт. Маълумотларнинг ўз вақтида тақдим этилиши ва ишончлилиги учун мазкур ташкилотлар раҳбарлари шахсан жавобгар ҳисобланади.
Спорт соҳасини рақамлаштиришга оид барча лойиҳалар, жумладан, «ERP sport» тизимини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш ишларини «Рақамлаштириш ва сертификатлаш маркази» амалга оширади. Бу ишлар спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг календарь режаси маблағлари, зарурат туғилганда эса Спортни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ҳисобидан молиялаштирилади.
Спорт муассасаларининг спорт заллари ва стадионларига марказлашган видеокузатувни ташкил этиш учун смарт-камералар ўрнатилади.
Йиғилган маълумотлар сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилинади. Бунда ташрифлар сони, машғулотлар сифати ва иқтидорли ёшларни саралаш жараёнлари ўрганилади. Таҳлил натижалари «ERP sport» тизимига узатилади.
Камералар ва серверлар 2026–2028 йилларда харид қилиниб, ўрнатилади. Бу мақсадлар учун 2025 йил 30 октябрдаги ПҚ-320-сон қарор билан давлат органларида сунъий интеллектни жорий этишга беғараз ажратилган маблағлар йўналтирилади.
MySport мобил иловасида янги функциялар пайдо бўлади. У орқали давлат ва нодавлат спорт ташкилотларининг объектларини соатбай, кунлик, ойлик ва йиллик тарифлар асосида банд қилиш ҳамда тўловларни амалга ошириш мумкин бўлади.
Илова давлат спорт объектларини ижарага беришдан тушадиган даромадларни назорат қилиш имконини ҳам беради. Фойдаланувчилар ташкилотлар рейтинглари, спорт турлари, тарифлар, объектлар манзиллари, акциялар ва бошқа маълумотлар билан танишишлари мумкин бўлади.
2027 йил 1 январдан бошлаб мусобақалар ғолиблари ва совриндорлари диплом ҳамда сертификатларни QR-код билан бирга «ERP sport» тизими орқали электрон шаклда олади.
Мактабларда спорт клублари ва тўгараклари тармоғи кенгайтирилади. Ҳар бир мактаб индивидуал ва жамоавий олимпия спорт турлари бўйича камида биттадан тўгарак очиши шарт бўлади. Бу «Мактабдан Спорт академиясигача» ғояси доирасида амалга оширилади, бунда мактабларга спорт мактаблари бириктирилади.
2027 йилдан бошлаб мактабларга индивидуал олимпия спорт турлари бўйича машғулотлар ўтказиш учун универсал тўпламлар етказиб берилади. Бу мақсадлар учун Таълим соҳасидаги ислоҳотларга кўмаклашиш жамғармасидан ҳар йили 5 миллиард сўмгача маблағ ажратилади. Жисмоний тарбия ўқитувчиларининг йиллик иш режасига дарсдан ташқари тўгараклар ва оммавий спорт тадбирлари ҳам киритилади.
Спорт вазирлиги тизимидаги олтита Республика олий спорт маҳорати мактаби негизида Олимпия терма жамоалари маркази ташкил этилади. Ушбу мактаблар гимнастика, енгил атлетика, спорт ўйинлари, сув спорти турлари, қишки ва техник жиҳатдан мураккаб спорт турлари, шунингдек, яккакураш спорт турлари бўйича фаолият юритади.
Марказ аввалги молиялаштириш тартиби сақланган ҳолда давлат муассасаси сифатида ташкил этилади ҳамда мазкур мактабларнинг ҳуқуқий вориси ҳисобланади. У федерацияларни қўллаб-қувватлайди ва терма жамоалар учун спортчилар тайёрлаш жараёнини мувофиқлаштиради. Марказда фақат катталар ўртасидаги ёзги ва қишки Олимпия ўйинлари дастурига киритилган спорт турлари ривожлантирилади.
Марказ мураббийларига спортчиларининг нуфузли халқаро мусобақаларда эришган натижаларига қараб ҳар ойлик устамалар тўланади. Марказ Тошкентдаги Олимпия шаҳарчасида беғараз фойдаланиш ҳуқуқи асосида жойлаштирилади.
Ўсмирлар учун Республика олий спорт маҳорати мактаби тугатилади. Ушбу мактабнинг бошқарув ходимлари штат бирликлари марказга, мураббийлари эса Миробод туманидаги 2-сон спорт мактабига ўтказилади. Мол-мулк ва бинолар Тошкент шаҳар спорт бошқармаси балансига топширилади.
Ихтисослаштирилган спорт мактаблари марказга захира спортчиларини бевосита етказиб берувчи ҳудудий тузилмаларга айлантирилади. Сув спорти турлари мактабининг бассейнлари ва базалари Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилоятидаги ихтисослаштирилган спорт мактаблари ўртасида тақсимланади.
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида Вазирлар Кенгаши раиси ҳамда ҳокимлар ҳузурида спорт бўйича маслаҳатчилар лавозимлари жорий этилади. Бу лавозимларга Миллий олимпия қўмитасининг ҳудудий бўлимлари ижрочи директорлари тайинланади. Маслаҳатчилар Спорт вазирлиги ва МОҚ билан келишилган ҳолда лавозимга тайинланади ва озод этилади.
Маслаҳатчилар аҳоли, айниқса, ёшларни оммавий спортга жалб қилиш билан шуғулланади. Шунингдек, улар чекка маҳаллаларда спорт объектларини қуриш, «Президент Олимпиадаси» мусобақаларининг маҳаллий босқичларини ташкил этиш ва ҳудудий терма жамоаларнинг йирик мусобақаларда иштирокини таъминлаш учун масъул бўлади.
Қарор билан Президентнинг аввал қабул қилинган бир қатор ҳужжатларига ҳам ўзгартиришлар киритилмоқда. Жумладан, энди ўқ отиш спорти бўйича терма жамоалар маркази давлат-хусусий шериклик шартлари асосида хусусий инвестор маблағлари ҳисобидан қурилади.