Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Туркиянинг Kazanci Holding компанияси энергетика соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда ҳамкорликни кенгайтириш истиқболларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Иқтисодиёт ва молия вазирлиги хабар берди.
Музокаралар 19 ноябрь куни Ўзбекистон ва Туркия ўртасида бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича Олий даражадаги кенгаш йиғилиши доирасида бўлиб ўтди.
Учрашувда Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари — иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ҳамда Kazanci Holding директорлар кенгаши раиси ва бош ижрочи директори Жамил Казанжи иштирок этди.
Шунингдек, холдинг директорлар кенгаши раисининг ўринбосари Жевдет Ялчин, молиявий масалалар бўйича директори Жунейт Уйгун ва Aksa Energy компаниясининг Тошкентдаги лойиҳаси раҳбари Селчук Шишман ҳам музокараларда қатнашди.
Томонлар компаниянинг ўзбекистонлик ҳамкорлар билан биргаликда амалга ошираётган лойиҳаларининг жорий ҳолатини ҳамда энергетика соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш имкониятларини кўриб чиқди.
Давлат-хусусий шериклик асосидаги лойиҳаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, Самарқанд вилоятидаги электр энергиясини тақсимлаш тармоқларини бошқарувга бериш бўйича амалга оширилаётган ишлар юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар якунида томонлар энергетика соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамлашга тайёр эканликларини билдириб, қўшма лойиҳаларни самарали амалга ошириш мақсадида очиқ ва конструктив мулоқотни давом эттиришга келишиб олди.