Молия

Октябрь ойида MUNIS орқали тўловлар сони 63,1 фоизга ошди

Октябрь ойида MUNIS орқали тўловлар сони 63,1 фоизга ошди
Октябрь ойида MUNIS орқали тўловлар сони 63,1 фоизга ошди / Фото: Марказий банк.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йил октябрь ойида тижорат банклари MUNIS клиринг тизими орқали 22,7 миллионта тўловни қабул қилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 63,1 фоизга кўп. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Марказий банки хабар берди.

Шу билан бирга, тўловларнинг умумий суммаси 3,4 фоизга камайди. 2025 йил октябрь ойида тизим орқали 15,0 триллион сўмлик 13,9 миллионта тўлов амалга оширилган бўлса, 2026 йил октябрида тўловлар сони 22,7 миллионтага, умумий суммаси эса 14,5 триллион сўмга етди.

Қабул қилинган тўловлар сони бўйича Aloqabank биринчи ўринни эгаллади — 10,1 миллионта. Иккинчи ўринда 3,2 миллионта тўлов билан Hamkorbank, учинчи ўринда эса 2,9 миллионта тўлов билан TBC Bank қайд этилди.

Шунингдек, кучли бешликдан 1,4 миллионта тўлов билан Uzum Bank ва 1,1 миллионта тўлов билан Миллий банк ҳам жой олди.

MUNIS — Марказий банкнинг ҳисоб-китоблар бўйича клиринг тизими ҳисобланади.

Ушбу тизим орқали аҳоли ва тадбиркорлардан коммунал, бюджет ҳамда бошқа тўловлар қабул қилинади. Маблағлар олувчиларга реал вақт режимида ўтказиб берилади.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.