Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Марказий банки Жанубий Кореянинг Hana Bank банки ваколатхонасини аккредитациядан ўтказди. Ваколатхона маҳаллий молия бозорини ўрганиш, давлат органлари ва молия ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантириш билан шуғулланади. Бу ҳақда регулятор матбуот хизмати хабар берди.
Ваколатхона банкнинг Ўзбекистондаги ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш мақсадида ташкил этилган. Дастлабки босқичда унинг фаолияти мамлакат молия бозорини ўрганиш ва маҳаллий муассасалар билан алоқалар ўрнатишга қаратилган бўлади.
Hana Bank Жанубий Кореянинг Hana Financial Group таркибига киради. 2015 йил 1 сентябрда банк Korea Exchange Bank билан бирлашган.
Hana Bank Жанубий Кореянинг йирик тижорат банкларидан бири ҳисобланади. У жисмоний ва юридик шахсларга хизмат кўрсатади, савдони молиялаштириш билан шуғулланади ҳамда бошқа молиявий хизматларни тақдим этади.
Марказий банк маълумотларига кўра, банк дунёнинг 27 та мамлакатида фаолият юритади.
Hana Bank ваколатхонасини аккредитациядан ўтказиш 17 ноябрь куни Ўзбекистонда хорижий кредит ташкилотига нисбатан қабул қилинган иккинчи шундай қарор бўлди. Бундан аввал регулятор Франциянинг Société Générale банки ваколатхонасини очишни маъқуллаган эди.
Ҳозирги вақтда Ўзбекистонда Жанубий Кореянинг яна икки банки — Korea Eximbank ва Shinhan Bank ваколатхоналари ҳам фаолият юритмоқда.