Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2026 йилнинг дастлабки тўққиз ойида Humo тўлов тизими 586,8 миллиард сўм соф фойда олди.
Бу 2025 йилнинг шу даврига нисбатан 162 фоизга кўп. Бу ҳақда тизимни бошқарувчи «Миллий банклараро процессинг маркази» АЖнинг чораклик ҳисоботида маълум қилинган.
Компания тушуми 2,65 баробарга ёки 165 фоизга ошиб, 380,9 миллиард сўмдан 1 триллион сўмга етди. Хизматлар таннархи эса секинроқ суръатда — 87,5 фоизга ўсиб, 187,2 миллиард сўмни ташкил этди.
Натижада ялпи фойда 192,6 фоизга ошиб, 822,2 миллиард сўмга етди.
Фақат учинчи чоракнинг ўзида компания 176 миллиард сўм фойда олди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 76,5 фоизга кўп.
Ҳисобот маълумотларига кўра, Humo активлари 1,1 триллион сўмга етди. Бу бир йил ичида 55,4 фоизлик ўсишни англатади. Капитал 63 фоизга ошиб, 964 миллиард сўмни ташкил этди. Тақсимланмаган фойда эса 775,3 миллиард сўмга етди, бу ўтган йилги кўрсаткичдан 81,4 фоизга юқори.