Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон биринчи хоними Зироат Мирзиёева ва Иордания қироличаси Рания ал-Абдулла президент Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифи доирасида Амман шаҳридаги Jordan River Designs арт-шоурумига ташриф буюрди. Бу ҳақда Ўзбекистон президенти матбуот хизмати хабар берди.
Шоурум Jordan River Foundation жамғармаси ҳузурида фаолият юритади. Унда маҳаллий ҳунарманд аёллар, жумладан, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига мансуб хотин-қизлар томонидан тайёрланган қўл меҳнати маҳсулотлари намойиш этилган.
Лойиҳа анъанавий ҳунармандчиликни асраб-авайлаш билан бирга, хотин-қизларни иш билан таъминлаш ва уларнинг оилалари фаровонлигини оширишни мақсад қилган. Jordan River Designs дастури доирасида ҳар йили 800 нафардан ортиқ ҳунарманд аёл иш билан таъминланади.
Улар Иорданиянинг маданий меросини акс эттирувчи анъанавий ва замонавий маҳсулотлар — каштачилик билан безатилган интерьер буюмлари, гиламлар, мода аксессуарлари ва эсдалик совғаларини тайёрлайди.
Ташриф давомида Зироат Мирзиёева бундай ташаббуслар камбағалликни қисқартириш, хотин-қизлар тадбиркорлигини ривожлантириш ва миллий ҳунармандчилик анъаналарини сақлаб қолишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Шунингдек, ҳунармандчилик маҳоратини ёш авлодга етказиш муҳимлигини қайд этди.