Ўзбекистон

Тошкентда немис тили ва TELC имтиҳон маркази очилди

Тошкентда немис тили ва TELC имтиҳон маркази очилди
Тошкентда немис тили ва TELC имтиҳон маркази очилди / Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда PROFI DEUTSCH немис тилини ўрганиш маркази ва TELC халқаро имтиҳон маркази очилди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.

Марказларни жойлаштириш учун Касбий таълимни моддий-техник таъминлаш маркази биноси таъмирланди. Пойтахт ҳокимлиги кўмагида хоналар замонавий ўқув синфлари, мебель ва техник жиҳозлар билан таъминланди.

Марказларнинг тантанали очилиш маросими 23 ноябрь куни бўлиб ўтди.

PROFI DEUTSCH маркази ёшларни немис тилини ўрганиш, Германияда таълим олиш ва қонуний ишга жойлашишга тайёрлашга ихтисослашган. Ўқув курси 10 ойга мўлжалланган. Шу вақт давомида тингловчилар бошланғич даражадан B1 босқичигача бўлган билимларни эгаллашлари мумкин.

Марказ бир вақтнинг ўзида 180 нафаргача кишини қабул қила олади.

TELC имтиҳон маркази немис тилини билиш даражасини халқаро мезонлар асосида баҳолаш ва тегишли сертификат олиш имконини беради. Бу ерда ҳар ой 300–400 нафар номзод учун имтиҳонлар ўтказиш режалаштирилган. Марказнинг йиллик ўтказиш қуввати 3 600–4 800 кишини ташкил этиши кутилмоқда.

Очилиш маросимида Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Раҳимова, Касбий таълим агентлиги директори Азимжон Ҳусанов, Миграция агентлиги директорининг ўринбосари Элёр Тоштемиров, TELC ташкилотининг Марказий Осиё бўйича вакили Винфрид Элльвангер ҳамда PROFI DEUTSCH маркази раҳбари Камолиддин Бедиев иштирок этди.

Янги марказлар ёшларнинг Германиядаги дуал касбий таълим дастури — Ausbildungда иштирок этиш, малакасини ошириш ва халқаро меҳнат бозорига чиқиш имкониятларини кенгайтиришга хизмат қилиши кўзда тутилган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.