Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентда оғирлиги 7,6 килограммдан ортиқ бўлган кумуш партиясининг ноқонуний сотилишига чек қўйилди. Эркак киши металлни 156 миллион сўмга сотишга уринган вақтида қўлга олинди. Бу ҳақда Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати матбуот хизмати хабар берди.
Тезкор тадбир ДХХ ходимлари томонидан Божхона қўмитаси вакиллари билан ҳамкорликда Чилонзор туманида ўтказилди.
Идора маълумотларига кўра, қўлга олинган шахс 1973 йилда туғилган, Тошкент вилоятининг Бўка туманида яшовчи фуқаро ҳисобланади. У 7 килограмм 685 грамм соф кумушни сотаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган.
Текширув давомида эркак қимматбаҳо металлар айланмаси соҳасида фаолият юритиш учун тегишли лицензияга эга эмаслиги аниқланган.
Қўлга олинган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди. Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
ДХХ фуқароларни кумуш ва бошқа қимматбаҳо металларни сотиб олишда уларнинг келиб чиқиши ҳамда пробасини тасдиқловчи ҳужжатларни текширишга чақирди. Агар сотувчи бундай ҳужжатларни тақдим этмаса, идора битим тузишга шошилмаслик ва содир бўлган ҳолат ҳақида 1520 қисқа рақами орқали хабар беришни тавсия қилди.