Ўзбекистон

Қозоғистон ва Ўзбекистон сув ресурсларидан фойдаланишни муҳокама қилди

Қозоғистон ва Ўзбекистон сув ресурсларидан фойдаланишни муҳокама қилди
Қозоғистон ва Ўзбекистон сув ресурсларидан фойдаланишни муҳокама қилди / Фото: UzDaily.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 21 ноябрь куни Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги элчиси Ералы Туғжанов Ўзбекистон сув хўжалиги вазири Шавкат Ҳамроев билан учрашди. Томонлар трансчегаравий сув ресурсларидан биргаликда фойдаланиш ва соҳавий идоралар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди.

Учрашув иштирокчилари трансчегаравий сув объектларини биргаликда бошқариш ва улардан оқилона фойдаланиш тўғрисидаги кучга кирган битимни амалга ошириш муҳимлигини таъкидлади.

Шунингдек, Ҳукуматлараро қўшма комиссияни тез фурсатда шакллантириш масаласи ҳам муҳокама қилинди.

Томонлар Сирдарё ҳавзасида сувдан фойдаланиш ва сув омборларининг ишлаш режимларини мувофиқлаштириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Шу билан бирга, 2027 йилги вегетация мавсуми учун сув захираларини тўплашга қаратилган сув-энергетика келишувларининг бажарилиши кўриб чиқилди.

Бундан ташқари, сув тежовчи технологияларни жорий этиш, сув хўжалигини рақамлаштириш ва трансчегаравий сув ресурслари ҳисобини автоматлаштириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Томонлар Ўзбекистоннинг 2027–2029 йилларда Оролни қутқариш халқаро жамғармасига раислик қилиши билан боғлиқ масалаларни ҳам кўриб чиқди.

Учрашув якунида иштирокчилар сув хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканликларини тасдиқлади.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.