Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Тошкентнинг Чилонзор туманида Анҳор канали бўйлаб янги сайр ҳудуди ташкил этилмоқда. Лойиҳа Бунёдкор кўчасидан Наққошлик кўчасигача бўлган 1,7 километр узунликдаги ҳудудни қамраб олади. Бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги хабар берди.
Айни вақтга қадар қурилишчилар канал ўзанининг 500 метрдан ортиқ қисмини бетонлаштирди. Лойиҳага мувофиқ, канал бўйлаб умумий узунлиги 3,4 километр бўлган пиёдалар ва велосипед йўлаклари барпо этилади.
Шунингдек, каналнинг икки қирғоғини боғлайдиган учта кўприк қуриш режалаштирилган. Ташриф буюрувчилар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида қирғоқ бўйлаб ҳимоя тўсиқлари ўрнатилади.
Келажакдаги сайргоҳ ҳудудида 500 тупдан ортиқ дарахт ва буталар экиш мўлжалланган. Кўкаламзорлаштириш ишлари ҳудуднинг экологик ҳолатини яхшилаш ва уни аҳоли дам олиши учун янада жозибадор қилишга хизмат қилиши кутилмоқда.
Қурилиш ва ободонлаштириш ишларига қарийб 100 нафар ишчи ҳамда 12 та махсус техника жалб этилган.
Лойиҳани якунлаш ва сайр ҳудудини ташриф буюрувчилар учун очиш 2027 йил май ойига режалаштирилган.