Ўзбекистон

Ўзбекистон Германиянинг Fraunhofer-Gesellschaft ташкилоти билан ҳамкорликни бошлади

Ўзбекистон Германиянинг Fraunhofer-Gesellschaft ташкилоти билан ҳамкорликни бошлади
Ўзбекистон Германиянинг Fraunhofer-Gesellschaft ташкилоти билан ҳамкорликни бошлади / Фото: Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон амалий тадқиқотлар ва ишланмаларни саноатга жорий этиш соҳасида Германиянинг Fraunhofer-Gesellschaft тадқиқот ташкилоти билан ҳамкорликни бошлади. Бу ҳақда Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти хабар берди.

18 ноябрь куни Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти, Тошкент архитектура-қурилиш университети, Fraunhofer-Gesellschaft ва Project M Foundation тўрт томонлама ўзаро англашув меморандумини имзолади.

Fraunhofer-Gesellschaft амалий тадқиқотлар соҳасидаги Европанинг энг йирик ташкилотларидан бири ҳисобланади. Унинг мутахассислари саноат корхоналари билан ҳамкорликда янги маҳсулотларни ишлаб чиқади, тажриба намуналарини яратади ва технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этишга тайёрлайди.

Fraunhofer тармоғи олимлари MP3 аудио форматини ишлаб чиқишда ҳам иштирок этган.

Келтирилган маълумотларга кўра, Германия ташкилоти таркибига 74 та институт ва мустақил тадқиқот бўлинмалари киради. Уларда 30 мингдан ортиқ ходим фаолият юритади. Ташкилотнинг йиллик бюджети 3,6 миллиард еврони ташкил этади.

Хабарда ташкилот фаолиятининг 2014 йилдаги иқтисодий кўрсаткичлари ҳам келтирилган. Ўша йили давлат томонидан 1,1 миллиард евро миқдорида молиялаштириш ажратилган бўлса, ташкилот фаолияти натижасида 20,1 миллиард евро қўшимча қиймат яратилган.

Шундай қилиб, давлат томонидан ажратилган ҳар бир евро 18,3 евро миқдорида қўшимча қиймат яратилишига тўғри келган.

Бундан ташқари, ажратилган ҳар бир евро Германиянинг федерал, минтақавий ва маҳаллий бюджетларига тахминан 3,7 евро қўшимча солиқ тушумларини таъминлаган.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.