Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Тожикистон 2027–2028 йилларга мўлжалланган суд қарорларини ижро этиш соҳасидаги ҳамкорлик дастурини имзолади.
Ҳужжат Тожикистон делегациясининг 17–20 ноябрь кунлари Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи якунлари бўйича имзоланди. Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси матбуот хизмати хабар берди.
Тожикистон Ҳукумати ҳузуридаги Ижро хизмати делегациясига Абдуллозода Ахтам Рустам раҳбарлик қилди. Ташриф Ўзбекистон Мажбурий ижро бюросининг таклифига биноан ташкил этилди.
Музокаралар давомида томонлар суд қарорларини ижро этиш, ижро иш юритувини рақамлаштириш ва жараёнларни автоматлаштириш масалаларини кўриб чиқди.
Шунингдек, давлат органлари билан электрон ахборот алмашинуви ҳамда хатланган мол-мулкни сотиш бўйича аукционлар ўтказиш амалиёти муҳокама қилинди.
Имзоланган дастурда ўзаро ишчи ташрифларни ташкил этиш, мутахассислар ўртасида маслаҳатлашувлар ўтказиш ва амалий тажриба алмашиш назарда тутилган.
Ташриф доирасида Тожикистон делегацияси Мажбурий ижро бюросининг Яшнобод туман бўлими фаолияти билан ҳам танишди.
Меҳмонларга давлат ижрочиларининг иш жараёни, ижро ҳужжатларини юритиш тартиби, шунингдек, фуқаролар ва ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш амалиёти ҳақида маълумот берилди.