Шошилинч
7
Ўзбекистон

Ўзбекистонда депутатлар ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади

Ўзбекистонда депутатлар ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
Ўзбекистонда депутатлар ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилади / Фото: Олий Мажлис Сенати.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлик ва сенаторлик фаолияти билан боғлиқ талабларни бузганлик учун жавобгарликни кучайтириш тўғрисидаги қонун лойиҳасини учинчи ўқишда қабул қилди. Ҳужжат Сенатга юборилди.

Ташаббус парламент фаолиятини тартибга солувчи тўртта қонунга, шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга қўшимчалар киритишни назарда тутади.

Хусусан, давлат органлари мансабдор шахслари томонидан депутатлик ва сенаторлик сўровларини кўриб чиқишнинг белгиланган муддатлари бузилган тақдирда, Олий Мажлис палаталари девонларига судга мурожаат қилиш ҳуқуқини бериш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, палаталар девонлари айбдор мансабдор шахсларга нисбатан тегишли чоралар кўриш ҳақида Бош прокуратурага тақдимномалар киритиш имкониятига эга бўлади.

Бундан ташқари, қонун лойиҳасида депутатлик ва сенаторлик фаолияти кафолатларини бузганлик учун маъмурий жавобгарликни кучайтириш назарда тутилган.

Бунинг учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 193-моддасини иккинчи қисм билан тўлдириш таклиф этилмоқда. Унга мувофиқ, бундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такроран содир этилган тақдирда, етти баравардан 15 бараваргача базавий ҳисоблаш миқдорида жарима белгиланади.

Ташаббус муаллифлари ушбу ўзгартишлар парламент сўровларини ўз вақтида кўриб чиқиш учун мансабдор шахсларнинг масъулиятини оширишга ҳамда тегишли қонунчилик талабларига риоя этилиши устидан назоратни кучайтиришга хизмат қилади, деб ҳисобламоқда.

 

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.