Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўмоннинг Voltamp Energy компанияси ва Ўзбекистоннинг Techno Cable Group компанияси мамлакатда махсус мис ўтказгичлар ишлаб чиқариш корхонасини ташкил этиш бўйича келишув имзолади. Бу ҳақда «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси хабар берди.
Келишув Ўзбекистон–Ўмон бизнес-форуми доирасида имзоланди. Лойиҳа йилига 10 минг тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга корхона ташкил этишни назарда тутади.
Янги корхонада куч трансформаторлари, тақсимлаш электр ускуналари ва электр машиналари учун мўлжалланган махсус мис ўтказгичлар ишлаб чиқариш режалаштирилган.
Хабарда таъкидланишича, лойиҳа юқори қўшилган қийматга эга электротехника маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтиришга қаратилган.
Шунингдек, унинг асосий вазифалари қаторида импорт ўрнини босиш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ҳам белгиланган.