Иқтисод

Ўзбекистонда БФҚ ишлаб чиқарувчилар учун HACCP талаблари 2028 йилдан жорий этилади

Ўзбекистонда БФҚ ишлаб чиқарувчилар учун HACCP талаблари 2028 йилдан жорий этилади
Ўзбекистонда БФҚ ишлаб чиқарувчилар учун HACCP талаблари 2028 йилдан жорий этилади / Фото: Тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги.

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2028 йил 1 январдан биологик фаол қўшимчалар ишлаб чиқарувчиларга HACCP тизими талаблари қўлланилади. Корхоналарнинг янги талабларга тайёрлиги баҳоланмоқда.

Ўзбекистонда 2028 йил 1 январдан бошлаб биологик фаол қўшимчалар (БФҚ) учун рухсатномалар беришда озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлигини таъминлашга қаратилган HACCP тизими талаблари қўлланилади.

Бу 2026 йил 5 мартдаги ПФ–35-сон Президент фармонида белгиланган. Янги талаблар кучга кириши арафасида Тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг тайёргарлик даражасини баҳолаш ҳамда уларга амалий ва услубий ёрдам кўрсатиш ишларини бошлади.

Навбатдаги ўрганиш Pharma care корхонасида ўтказилди. Мутахассислар ишлаб чиқариш жараёнларининг HACCP тамойилларига мувофиқлигини дастлабки баҳолашди ва компаниянинг мазкур тизимни жорий этишга тайёрлигини ўргандилар.

Ўрганиш давомида ишлаб чиқариш шароитлари, технологик жараёнлар, ишлаб чиқариш назорати, санитария-гигиена меъёрларига риоя этилиши, шунингдек, маҳсулот сифати ва хавфсизлигини таъминлаш механизмлари кўриб чиқилди.

Дастлабки аудит якунлари бўйича корхона вакилларига аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар берилди ҳамда тизимни босқичма-босқич жорий этиш тартиби тушунтирилди.

Агентлик маълум қилишича, БФҚ ишлаб чиқарувчиларнинг янги талабларга тайёрлигини баҳолаш ва уларга услубий ёрдам кўрсатиш ишлари давом эттирилади.

 

Дилафруз Ниязова
Дилафруз Ниязова

Дилафруз Ниязова 2025 йилдан буён UzDaily жамоасида фаолият юритиб, нашрнинг ўзбек тилидаги версияси учун масъулдир.