Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон мутахассислари Буюк Британиянинг General Pharmaceutical Council (GPhC) ташкилоти вакили билан дорихоналарни инспекциядан ўтказишнинг замонавий ёндашувлари ва назоратнинг хавф-хатарга асосланган тизимини қўллаш масалаларини муҳокама қилди.
Онлайн учрашув 4 ноябрь куни Тиббиёт ва фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги ҳузуридаги Яхши амалиётлар маркази ходимлари иштирокида бўлиб ўтди.
Мулоқот давомида томонлар дорихоналар фаолиятини назорат қилиш механизмлари, инспекцияларни режалаштиришда хавф-хатарларни баҳолаш усулларидан фойдаланиш ҳамда назорат тартиб-таомилларини такомиллаштириш имкониятларини кўриб чиқдилар.
Шунингдек, учрашув иштирокчилари касбий тажриба алмашинувини давом эттириш истиқболлари ва икки мамлакатнинг тегишли ташкилотлари ўртасида амалий ҳамкорлик йўналишларини белгилаш масалаларини муҳокама қилдилар.