Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятининг Олтиариқ туманида 500 грамм гашишни 4 минг долларга сотишга уринганликда гумонланаётган шахс ушланди. Тезкор тадбир Наманган вилояти Ички ишлар бошқармаси ходимлари томонидан Давлат хавфсизлик хизмати вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, ушбу тезкор тадбир ёшлар ўртасида гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тарқалишининг олдини олишга қаратилган.
1984 йилда туғилган, Олтиариқ туманида яшовчи эркак кўк рангли полиэтилен ўрамдаги номаълум моддани шартли харидорга сотаётган вақтда қўлга олинган.
Эксперт-криминалистика маркази хулосасига кўра, олиб қўйилган модда таркибида тетрагидроканнабинол фаол компоненти мавжуд бўлиб, у гашиш экани аниқланган. Модданинг соф оғирлиги 500 граммни ташкил этган. Экспертлар баҳолашича, бу миқдор тахминан 5 минг дозани ташкил қилади.
Мазкур ҳолат юзасидан Тўрақўрғон тумани Ички ишлар бўлими ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 273-моддаси олтинчи қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.