Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) —Ўзбекистон ва Польша савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларга Польша инвестицияларини жалб этиш имкониятларини муҳокама қилди.
4 ноябрь куни Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Акрам Алиев Польша Савдо палатаси президенти Анджей Арендарский билан музокаралар ўтказди.
Учрашувда томонлар ўзаро савдо ҳажмини ошириш, инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, туризм, ахборот технологиялари, қурилиш, қайта тикланувчи энергетика, логистика, фармацевтика ва таълим соҳаларида қўшма ташаббусларни амалга ошириш истиқболларини кўриб чиқдилар. Миграция масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари, айниқса, қайта тикланувчи энергетика ва қурилиш соҳаларида Польша компаниялари билан ҳамкорлик қилиш имкониятларига, жумладан, Янги Тошкентни ривожлантириш лойиҳаси доирасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратдилар.
Музокаралар якунида томонлар тўғридан-тўғри ишбилармонлик алоқаларини мустаҳкамлаш, бизнес-делегациялар алмашинувини ташкил этиш ҳамда инвестиция лойиҳаларини илгари суришга қаратилган қўшма тадбирларни ўтказишдан манфаатдор эканликларини тасдиқладилар.