Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона ва Минск вилоятлари савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишга келишиб олди.
Бу борадаги келишув Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоровнинг Минск шаҳрида Минск вилояти ижроия қўмитаси раиси Алексей Кушнаренко билан учрашуви чоғидага эришилди.
Учрашувда Ўзбекистоннинг Беларусдаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Нуриддин Мамажонов ҳам иштирок этди.
Томонлар Ўзбекистон ва Беларус ўртасидаги стратегик шериклик ривожланиб бораётганини, савдо-иқтисодий, минтақалараро ҳамда маданий-гуманитар алоқалар кенгайиб бораётганини таъкидлади.
Алексей Кушнаренконинг сўзларига кўра, унинг Фарғона вилоятига ташрифи давомида ҳудудлар ва маҳаллий ҳокимият органлари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги келишувлар имзоланган, шунингдек, турли маҳсулотларни етказиб бериш бўйича шартномалар тузилган.
Музокаралар давомида ўзаро маҳсулот етказиб бериш имкониятлари муҳокама қилинди. Минск вилояти Фарғонага озиқ-овқат маҳсулотлари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари, уруғлар, кўчатлар, мебель, ёғочни қайта ишлаш маҳсулотлари ва ёнғин ўчириш техникасини етказиб беришга тайёрлигини билдирди. Фарғона вилояти эса янги ва қайта ишланган мева-сабзавот маҳсулотлари, шунингдек, енгил саноат учун хомашё экспорт қилишдан манфаатдор эканини маълум қилди.
Бундан ташқари, томонлар чорвачилик, мебель ишлаб чиқариш, машинасозлик ва энергия самарадорлигини ошириш соҳаларида ҳамкорлик истиқболларини кўриб чиқди.
Учрашув доирасида телекўприк ташкил этилди ва унинг давомида иккита инвестиция лойиҳасига старт берилди. Фарғона вилоятининг Данғара туманида ғўзапоядан ёқилғи гранулалари ишлаб чиқарадиган завод пойдеворига биринчи тош қўйилди. Бувайда туманида эса Беларусда ишлаб чиқарилган ёғоч материаллари учун йирик омборнинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
Музокаралар якунида томонлар 2026–2028 йилларга мўлжалланган йўл харитасини имзолади. Ҳужжат Фарғона ва Минск вилоятлари ўртасидаги биродарлик муносабатларини янада ривожлантириш ва ҳамкорликни кенгайтиришни назарда тутади.