Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокимлиги ва Жанубий Кореянинг Byucksan Corporation компанияси қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳасида инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолади. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров компаниянинг бошқарув директори Сон Жу Ким бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Учрашувда аввал эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича амалий қадамлар ва лойиҳани тайёрлаш масалалари муҳокама қилинди.
Ҳамкорлик бўйича дастлабки келишувларга 2026 йил сентябрь ойида Фарғона вилояти делегациясининг Жанубий Кореяга ташрифи чоғида эришилган эди. Ўшанда вилоят вакиллари Byucksan Corporation раҳбарияти билан музокаралар ўтказган.
1958 йилда ташкил этилган компания иссиқлик изоляцияси ва энергия тежамкор қурилиш материаллари, биноларнинг ички ва ташқи пардози учун панеллар, шунингдек, бошқа қурилиш маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган.
Жорий учрашувда томонлар компаниянинг технологиялари ва ишлаб чиқариш тажрибасини Фарғона вилоятида жорий этиш имкониятларини кўриб чиқди.
Муҳокама қилинган йўналишлар қаторида маҳаллий хомашёдан фойдаланиш, қўшилган қиймати юқори, рақобатбардош ва экспорт салоҳиятига эга маҳсулотлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш масалалари ҳам ўрин олди.
Хайрулло Бозоров компания томонидан вилоятда амалга оширилиши режалаштирилаётган лойиҳани қўллаб-қувватлашини билдирди.