Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда икки мамлакат ўртасида халқ дипломатиясини ривожлантириш ва маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш мақсадида «Ўзбекистон — Бирлашган Араб Амирликлари» дўстлик жамияти ташкил этилди.
Таъсис йиғилиши 19 ноябрь куни бўлиб ўтди. Бу ҳақда Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари қўмитаси хабар берди.
Йиғилиш иштирокчилари ташкилот уставини тасдиқлади ҳамда Чиқиндиларни бошқариш ва айланма иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги директори Шарифбек Хасановни жамият раиси этиб сайлади.
Агентлик Халқаро ҳамкорлик ва инвестицияларни жалб қилиш бошқармасининг бош мутахассиси Жамшидбек Хасанов жамият ижрочи директори этиб тайинланди. Агентлик Юридик бўлимининг бош юрисконсульти Равшан Азат ўғли Акназаров эса назорат-тафтиш комиссияси раиси этиб сайланди.
Шунингдек, ташкилотнинг Қорақалпоғистон Республикаси ва Самарқанд вилоятида ҳудудий бўлинмаларини ташкил этиш тўғрисида қарор қабул қилинди.
Жамият фаолиятини бошлаш учун давлат рўйхатидан ўтказишга оид ҳужжатларни расмийлаштириш ва уларни Ўзбекистон Адлия вазирлигига тақдим этиш зарур. Бошқарув ҳамда назорат-тафтиш комиссиялари аъзолари беш йил муддатга сайланди.
Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари қўмитаси раиси К. Сариев давлатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни ривожлантиришда фуқаролик жамияти институтларининг ўрнини таъкидлади. Шунингдек, у халқ дипломатияси соҳасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш муҳимлигини қайд этди.