Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Вануату дипломатик муносабатлар ўрнатди. Тегишли Қўшма коммюнике 22 сентябрь куни Нью-Йорк шаҳрида Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ҳузуридаги икки мамлакат вакиллари томонидан имзоланди. Бу ҳақда «Дунё» АА хабар берди.
Ҳужжатни Ўзбекистон ва Вануату ҳукуматлари номидан Ўзбекистоннинг БМТдаги доимий вакили Улуғбек Лапасов ҳамда Вануатунунг БМТдаги миссияси раҳбари Одо Теви имзолади.
Томонлар халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари доирасида ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканини таъкидлади.
Дипломатик муносабатларнинг ўрнатилиши Ўзбекистоннинг Тинч океани минтақаси мамлакатлари билан ташқи сиёсий ва дипломатик алоқаларини кенгайтириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлди.
Вануату — Меланезияда жойлашган, Янги Гебрид ороллари архипелагидаги 83 та оролдан иборат орол давлат.
Шу тариқа, Вануату Ўзбекистон дипломатик муносабатлар ўрнатган 169-мамлакат бўлди.