Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокими Хайрулло Бозоров Ульсан метрополия шаҳри Кенгаши раиси Ли Ён Хэ билан учрашди. Томонлар маҳаллий вакиллик органлари даражасида ҳудудлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва уларнинг Кенгашлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилди. Бу ҳақда Фарғона вилояти ҳокимлиги хабар берди.
Хайрулло Бозоров Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида давлат ва жамоат бошқарувида маҳаллий Кенгашларнинг роли изчил ошиб бораётганини таъкидлади.
Хусусан, у маҳаллий вакиллик ҳамда ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатларининг ажратилиши, Кенгашларнинг мустақиллигини мустаҳкамлаш ва ҳудудларни ривожлантиришнинг муҳим масалаларини ҳал этишда уларнинг масъулиятини оширишга эътибор қаратди.
Фарғона вилояти ва Ульсан шаҳри Кенгашлари ўртасида тажриба алмашиш, шунингдек, парламентлараро ва ҳудудлараро мулоқотни кенгайтириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув иштирокчилари, шунингдек, саноат ва инвестициялар, таълим, маҳаллий бошқарув ҳамда ҳудудларни барқарор ривожлантириш соҳаларидаги ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш масалаларини муҳокама қилди.
Ульсан метрополия шаҳри Кенгаши шаҳарнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига оид асосий масалаларни муҳокама қилиш, тегишли қарорларни қабул қилиш ва маҳаллий бошқарув жараёнларида аҳоли манфаатларини ифодалашда иштирок этувчи маҳаллий вакиллик органи ҳисобланади.
Учрашув якунида томонлар Фарғона вилояти ва Ульсан маҳаллий вакиллик органлари ўртасида мунтазам мулоқот ва амалий ҳамкорликни йўлга қўйишдан ўзаро манфаатдор эканини билдирди.