Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва Миср Миср бизнес-делегациясининг 2026 йил охирига режалаштирилган Ўзбекистонга ташрифини тайёрлаш масалаларини муҳокама қилди.
Учрашув Истанбул шаҳрида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси маслаҳатчиси Жамил Максудий, Мисрнинг Истанбулдаги Бош консулхонаси савдо консули, мухтор вазир Али Муҳаммад Баш ва Мисрнинг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Ҳанан Башарий иштирокида бўлиб ўтди.
Томонлар асосий эътиборни бўлажак ташрифнинг мазмунли қисмига қаратди. Жумладан, ташрифнинг ишбилармонлик дастуридаги асосий тадбир бўлиши кутилayotgan Ўзбекистон–Миср бизнес-форумини ўтказишга тайёргарлик, шунингдек, икки мамлакат тадбиркорлик вакиллари ўртасида икки томонлама B2B учрашувларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Музокара иштирокчилари инфратузилма, тўқимачилик саноати, туризм, фармацевтика ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини кўриб чиқди.
Шунингдек, Ўзбекистон ва Миср ишбилармон доиралари кенгашини ташкил этиш масаласи алоҳида муҳокама қилинди. Мазкур ташаббус икки давлат тадбиркорлик ҳамжамиятлари вакиллари ўртасида мунтазам ҳамкорликни таъминлашга қаратилган.
Учрашув якунида иштирокчилар Миср делегациясининг бўлажак ташрифи ва бизнес-форумга тайёргарлик жараёнини мувофиқлаштиришни давом эттириш, шунингдек, билдирилган ташаббусларни аниқ лойиҳаларга айлантириш бўйича биргаликда ишлашга келишиб олди.