Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Agrobank 6,1 миллион долларлик AgroVentures венчур фонди ишга туширилганини маълум қилди. Фонд тақдимоти 23 сентябрь куни Тошкентда CAEx майдонида 22–25 сентябрь кунлари ўтказилаётган ICT Week Uzbekistan 2026 доирасида бўлиб ўтди.
AgroVentures 2026 йил 13 мартда қабул қилинган Президентнинг ПҚ–99-сон қарорига мувофиқ банк таркибида ташкил этилган. Agrobank Ўзбекистонда венчур инвестициялари учун ўз тузилмасини ташкил этган илк банклардан бири бўлди.
Фонд 60–75 та компанияга инвестиция киритиш ва 1 мингдан ортиқ тўғридан-тўғри ҳамда билвосита иш ўринлари яратилишига кўмаклашишни режалаштирмоқда. AgroVentures’нинг мақсадли кўрсаткичлари қаторига инвестиция қилинган капиталдан 2,5–3 баравар қайтим олиш, йиллик ички даромадлилик меъёрини 25 фоиздан юқори даражага етказиш ҳамда умумий прогноз қиймати 15–18 миллион долларни ташкил этувчи 8–12 та инвестициядан чиқишни амалга ошириш киради.
Фонд маблағлари дастлабки босқичдаги ва ўсиш босқичидаги стартаплар, тез ривожланаётган компаниялар, Agrobank’нинг ўз рақамли ва финтех лойиҳалари, шунингдек, интеллектуал мулк билан боғлиқ университет тадқиқотлари ва ишланмаларига йўналтирилади.
Алоҳида инвестициялар ҳажми 25 минг доллардан 500 минг долларгача бўлади. Асосий йўналишлар агротехнологиялар (AgriTech), сунъий интеллект ва машинали ўқитиш (AI/ML) бўлади. Бошқа устувор йўналишлар қаторига молиявий технологиялар (FinTech), чакана савдо, тиббий технологиялар (HealthTech), таълим технологиялари (EdTech), яшил технологиялар (GreenTech), логистика ва чуқур технологиялар (Deep Tech) киритилган.
AgroVentures’нинг биринчи дастури AI Station билан ҳамкорликда ишга тушириладиган Agrobank корпоратив акселератори бўлади. 12 ҳафталик дастур доирасида Agrobank бўлинмалари ва унинг кичик ҳамда ўрта бизнес соҳасидаги мижозлари билан пилот лойиҳаларни амалга ошириш учун 20 тагача стартап танлаб олиш режалаштирилган.
Иштирокчилар халқаро мастер-класслар ва минтақавий воркшоплар, ҳар ҳафталик менторлик ҳамда якуний Demo Day тадбирида иштирок этиш имкониятига эга бўлади. Акселераторда иштирок этиш бепул бўлиб, ташкилотчилар компаниялар ёки уларнинг тушумларидан улуш олмайди.
Энг муваффақиятли жамоалар Agrobank билан ҳамкорлик ёки white-label келишувларини тузиши ёхуд AgroVentures’дан кейинги инвестицияларни жалб қилиши мумкин.
Дастур ишлайдиган MVP ва дастлабки тасдиқланган натижаларга эга бўлган барча соҳалардаги стартаплар учун очиқ. Иштирок этиш учун юридик шахс сифатида рўйхатдан ўтиш талаб этилмайди. Аризаларни қабул қилиш 2026 йил 23 октябрга қадар давом этади.
«Agrobank ўнлаб йиллар давомида Ўзбекистон фермерлари ва тадбиркорларини молиялаштириб келмоқда. AgroVentures ташкил этилиши билан биз уларнинг келажакда қандай ишлашини белгилаб берадиган технологияларга ҳам инвестиция киритмоқдамиз», — деди Agrobank бошқарув раиси Қаҳоров Эркин Азизжонович.
Унинг сўзларига кўра, банк истиқболли стартаплар асосчилари Agrobank’ни ҳамкор, инвестор ва биринчи йирик мижоз сифатида қабул қилишини кутмоқда.
AgroVentures LLC Ўзбекистонда венчур ва хусусий инвестициялар экотизимини шакллантириш, шунингдек, агросаноат ишлаб чиқаришининг турли босқичларидаги технологияларга эътибор қаратиш мақсадида Agrobank таркибида ташкил этилган.
Agrobank мамлакат бўйлаб 170 та филиал орқали 7,4 миллиондан ортиқ мижозга хизмат кўрсатади. Банк фермерлар ва агросаноат мажмуаси корхоналарига хизмат кўрсатишга ихтисослашган бўлиб, AgroVentures орқали технологиялар ва стартаплар соҳасидаги фаолиятини кенгайтирмоқда.