Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилоятида чорвачиликни ривожлантириш доирасида хорижий давлатлардан наслли қорамолларни импорт қилиш ишлари давом эттирилмоқда.
Мазкур чора-тадбирлар наслчилик базасини мустаҳкамлаш, юқори маҳсулдор чорва моллари сонини кўпайтириш ва аҳолини сифатли чорвачилик маҳсулотлари билан таъминлашга қаратилган. Бу ҳақда Фарғона вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
2026 йилда вилоятга 51,2 минг бошдан ортиқ наслли қорамол ва 62 210 бош наслли қўй олиб келиш режалаштирилган.
Бугунги кунга қадар мазкур режалар доирасида вилоятга қарийб 15,3 минг бош қорамол ва 10,2 минг бошга яқин қўй олиб келинган.
Жумладан, Қува туманидаги «Barhayot Abdulla hoji» МЧЖ Хитойдан 121 бош наслли қорамол импорт қилди. Корхонада чорва молларининг маҳаллий шароитга мослашиши, уларнинг наслчилик хусусиятларидан самарали фойдаланиш ва маҳсулдорлигини ошириш учун зарур шароитлар яратилмоқда.
Бундан ташқари, Қувасой шаҳридаги «Sophia milk» МЧЖ Германиядан швед қизил-ола зотли 30 бош наслли қорамол олиб келди. Поданинг тўлдирилиши хўжаликда наслчилик йўналишини янада ривожлантиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Фарғона вилояти Озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги бош бошқармаси мутахассислари хўжаликларда чорва молларини сақлаш шароитларини текширди.
Текширувлар давомида ҳайвонларнинг ветеринария ҳужжатлари, идентификацияси ва умумий соғлиғи ҳолати, шунингдек, импорт қилинган чорва молларини сақлаш ва парваришлаш шароитлари ўрганилди.
Хўжалик вакилларига ветеринария-санитария талабларига риоя қилиш, ҳайвонларни тўғри озиқлантириш ва сақлаш, шунингдек, уларнинг соғлиғини мунтазам назорат қилиб бориш бўйича тавсиялар берилди.
Хорижий тажриба ва илғор зотларни маҳаллий шароитга жорий этиш ишлари доирасида импорт қилинган чорва молларининг соғлиғини таъминлаш ҳамда ветеринария-санитария назоратини кучайтириш бўйича ҳам чоралар кўрилмоқда.