Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда 2025 йилда 267,1 мингта никоҳ расман қайд этилди. Бу 1991 йилдаги кўрсаткичга деярли тенг. Ўша йили мамлакатда 270,3 мингта никоҳ рўйхатга олинган.
1991–2025 йиллар оралиғида никоҳлар сонининг энг юқори кўрсаткичи 2018 йилда қайд этилган бўлиб, ўшанда 311,4 мингта никоҳ расмийлаштирилган. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар берди.
2026 йилнинг январь–июнь ойларида мамлакатда 92,3 мингта никоҳ қайд этилган.
Статистик маълумотлар сўнгги 35 йил давомида никоҳлар сони сезиларли даражада ўзгариб турганини кўрсатади. 1995 йилда 170,8 мингта, 2000 йилда эса 168,9 мингта никоҳ қайд этилган. 2005 йилга келиб, уларнинг сони 184 мингтага етган.
2010 йилда ушбу кўрсаткич 292,3 мингтани, 2015 йилда эса 287,6 мингтани ташкил қилган. 2018 йилда рекорд даражадаги 311,4 мингта никоҳ қайд этилган бўлса, 2020 йилда бу кўрсаткич 296,8 мингтани, 2021 йилда эса 305,2 мингтани ташкил этган.
Кейинги йилларда расман қайд этилган никоҳлар сони камайиб борган. Хусусан, 2022 йилда 296,7 мингта, 2023 йилда 283,8 мингта, 2024 йилда 271,8 мингта никоҳ рўйхатга олинган. 2025 йилда эса кўрсаткич 267,1 мингтага тушган.