Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон ва халқаро хайрия ташкилоти The Rockefeller Foundation қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ҳамда иқлим ўзгариши оқибатларига қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.
Музокаралар Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмоновнинг АҚШга ишчи ташрифи доирасида бўлиб ўтди.
Фонд президенти Ражив Шоҳ билан учрашувда томонлар нафақат Ўзбекистон, балки Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатлари билан ҳам ҳамкорликни кенгайтириш имкониятларини кўриб чиқди. Шоҳ Ўзбекистон ҳақида кўплаб ижобий фикрларни эшитаётганини таъкидлаб, минтақа давлатлари билан ҳамкорликни ривожлантиришга қизиқиш билдирди.
Учрашувда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, табиий ресурслардан самарали фойдаланиш, иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш ва аграр соҳага инновацион ечимларни жорий этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашув якунида Иброҳим Абдураҳмонов Ражив Шоҳни ҳамкорликнинг эҳтимолий йўналишларини батафсил муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга ташриф буюришга таклиф қилди.
The Rockefeller Foundation — 1913 йилда Жон Рокфеллер томонидан ташкил этилган халқаро хайрия жамғармаси.
Ташкилот соғлиқни сақлаш, озиқ-овқат тизимлари, энергетика ва инновацион молиялаштириш соҳаларида фаолият юритади. Ражив Шоҳ 2017 йилдан буён фондга раҳбарлик қилиб келмоқда.